Заҳабий “Тарихи Ислом” асарида бундай ёзади: “Ансорлардан фазилат борасида ҳеч ким уч кишидан устун бўлолмайди. Уларнинг барчаси Бани Абдул Ашҳалдан: Саъд ибн Муоз, Усайд ибн Ҳузайр ва Аббод ибн Бишр”.

Обидлар тилган олинганда тақволи, пок ва тунларни Қуръон тиловати билан ўтказган Аббоднинг исми рўйхат бошларида туради.

Қаҳрамонлар исми зикр қилинса, жасур, абжир ва Аллоҳ номини ҳимоя қилишга фидойи Аббод номи албатта тилга олинади.

Аллоҳнинг дўстларини истасангиз, кучли ва ишончли Аббод сиймоси порлаб туради...

Аббод ибн Бишр Ашҳалий Мадина томонларда Ислом нури илк бор етиб борганда ҳидоят неъматига эришганди. Ўшал дамларда Аббод эндигина 25 ёшга кирганига қарамай юриш-туриши кўпни кўрган кишиларники каби эди.

Аббод Мадинага жўнатилган устоз Мусъаб ибн Умайр билан дўстлашди. Мусъабнинг гўзал хулқи ва теран илми унга маъқул келганди.

У Мусъабнинг Қуръонни ёқимли овози билан ўқилган жозибали ва тафаккурга чорловчи тиловатига ошиқ бўлиб, ўзи ҳам тиловатни мунтазам машғулотга айлантириб олди: тунда ҳам, кунда ҳам, уйда ҳам, сафарда ҳам муттасил Қуръон ўқирди. У саҳобалар орасида “имом” ва “Қуръон дўсти” дея ном орттирди.

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ (с. а. в.) Ойша онамизнинг масжид ёнидаги хоналарида намоз ўқиётгандилар. Қулоққа Қуръонни Жаброил (а. с.) ўқиб бергандек тиловат қилаётган Аббоднинг овози чалинди.

– Ойша, бу Аббод ибн Бишрнинг товушими?

– Ҳа, Расулуллоҳ.

– Ё Аллоҳ, уни мағфират эт!

Абу Бакр (р. а.) даврларида ёлғончи пайғамбар чиқиб, одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб диндан қайтаётганида Аббод Абу Бакрнинг ёнларида туриб муртадларга қарши курашди ва шаҳид бўлди.

Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

 

Шоакмал Акбарзода тайёрлади.

Дўстларга тавсия этиш
2015 йил 4 декабрда эълон қилинган  686 марта кўрилган