Фақиҳ саҳобалардан ҳисобланган Абу Саид ал-Худрий мусулмон оилада дунёга келган. Илк мусулмонлардан бўлмиш отаси Малик Уҳуд жангида шаҳид бўлган эди.

Абу Саид ал-Худрий (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)дан мингдан ошиқ ҳадис ривоят қилган етти муксирун (кўп ҳадис ривоят қилган) саҳобанинг биридир. У зот Пайғамбаримиз (с.а.в.) дан бир минг бир юз етмиш ҳадис ривоят қилган.

Абу Саид Расулуллоҳ (с.а.в.)дан эшитган барча нарсаларини ҳар доим ҳам айтавермас, эҳтиёж туғилганда, суннат нотўғри талқин этилгандагина ҳадис ривоят қилар эди. У йўқсиллар, етимларга доим ёрдам берар, уларни уйига чорлаб, ҳолидан хабар олиб турар ва тарбия қиларди.

Абу Саид Мадинадаги Масжиди Набавий қурилишида иштирок этганлардан биридир. Бундан ташқари, уни кўпгина ғазотларда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қўшинлари сафида кўриш мумкин эди.

Отаси жангда ҳалок бўлгач, оила ташвишлари унинг бўйнига тушди. У очликдан қийналиб, қорнига тош боғлаб юрганида, аёл қариндошлари: “Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳузурларига бориб, бирор нима сўра. Ҳаммаям сўраяпти-ку!” дейишади. У аввалига бунга кўнмайди. Кейин Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига борганда, у кишидан шундай хитобни эшитади: “Беҳожатлик кўрсатиб, ўз шарафини асраган инсонларни Аллоҳ дунёдан беҳожат қилар”. Буни эшитган Абу Саид ортига қайтади. Шундан кейин нималар юз берганини ўзи айтиб берган: “Расули акрам (с.а.в.)дан ҳеч нарса сўрамай қайтганимдан сўнг, Аллоҳ бизнинг ризқимизни бутун қилди. Ишимиз шу қадар йўлга тушиб кетдики, ансорлар ичида биздан бадавлат одам йўқ эди”.

Абу Саид ҳижрий 74 йили 81 ёшида вафот этган. У кишидан Абдурраҳмон, Ҳамза ва Саид исмли уч фарзанд қолган.

Аллоҳ рози бўлсин!

Дўстларга тавсия этиш
2015 йил 4 июнда эълон қилинган  863 марта кўрилган