Ислом дини тарихи маккалик зодагон Арқам (р.а.)нинг уйи билан чамбарчас боғлиқ. Зеро, бу даргоҳ муайян даврда Расулуллоҳ (с.а.в.) учун қароргоҳ, дарсхона, қабулхона вазифаларини ўтаган. Бундан ташқари динимиз тарихида ўчмас из қолдирган шахслар ушбу хонадонда калимаи шаҳодатни айтиб мусулмон бўлганлар. Шулардан бири Суҳайб ибн Синондир. У Арқамникида Ёсир ибн Аммор билан билан бир вақтда Исломга кирган.

Суҳайб Абдуллоҳ ибн Жадъоннинг озод қилинган қули бўлиб, табиийки, Маккада қариндоши йўқ эди. Шу сабабли унинг мусулмон бўлганини эшитган мушриклар Суҳайбни тез-тез кўз кўриб, қулоқ эшитмаган азоблар билан “сийлашарди”. Масалан, темирдан кўйлак кийдириб, қуёш тиғида қолдиришар, сўнг устига юк ортиб додини беришарди.

Суҳайб-чи? У барча тазйиқларга бардош берарди. Бошига тушган кулфатлар унинг имонига қувват қўшар, саботини оширарди. Бир сўз билан айтганда, мушрикларнинг саъй-ҳаракатлари бекор кетарди.

Суҳайб тадбиркор, уддабурон шахс эди. Ақлу заковатини ишга солиб, анча-мунча бойлик тўплай олди. Мадинага ҳижрат арафасида мол-мулкини йиғиштирди ва йўлга тушди. Унинг йўлини Макка мушриклари тўсишди: “Маккага келганингда ҳемиринг йўқ эди. Шу ерга келиб бойидинг, энди ҳам ўзинг кетиб, ҳам бойлигингни олиб кетишингга йўл қўймаймиз!”

– Ёнимдаги ва Маккадаги барча молимни сизларга қодирсам, йўлимни тўсмайсизларми?

Мушриклардан тасдиқ жавобини олгач, уларнинг талабини қондириб, йўлида пулсиз давом этди. Суҳайб учун Расулуллоҳ (с.а.в.)га бўлган муҳаббат, садоқат бу дунёдаги барча нарсадан устунроқ эди ва бу амалда исботланди.

Мадинага минг машаққатда етиб келди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳазрат Умар ва ҳазрат Абу Бакр (р.а.) билан биргаликда Кулсум ибн Хадмнинг уйида меҳмон эдилар. Суҳайб ниҳоятда чанқаган, очиққан, бунинг устига бир кўзи оғриётганди. У Расулуллоҳ (с.а.в.) ўтирган жойга кириб сўрашди ва дастурхондаги хурмодан ея бошлади.

Ҳазрат Умар Расулуллоҳ (с.а.в.)га: “Кўзи оғрияпти-ю, хурмо ейишини қаранг”, дедилар.

Расулуллоҳ (с.а.в.) Суҳайбга юзландилар:

– Кўзинг оғрияпти, сен эса хурмо еяпсан...

– Ё Расулуллоҳ (с.а.в.), кўзларимнинг бири соғ, ўшанинг ҳаққини еяпман.

Унинг жавобидан барчанинг юзига табассум югурди.

Суҳайб Мадинага келаётиб, молини олдириб қўйганини сўзлаб берди. Уни эшитиб Пайғамбаримиз (с.а.в.) хитоб қилдилар: “Суҳайб эришди! Суҳайб эришди! Абу Яҳё эришди! Савдо фойдали бўлди. Савдо фойдали бўлди”. Кейин Суҳайб ҳақида тушган оятни ўқиб бердилар: “Одамлар орасида Аллоҳнинг розилигини истаб, жонини берадигани ҳам бор” (Бақара, 207).

Бир куни ҳазрат Умар унга савол бердилар: “Суҳайб, нега ўғлингнинг исми Ҳамза бўлсаям, Абу Яҳё дейишади? Ўзинг Румдан бўлсанг ҳам, арабман дейсан. Кўп маблағ сарфлайсан?”

Суҳайб жилмайди:

– Абу Яҳё кунясини шахсан Расулуллоҳ (с.а.в.) берганлар. Асли Намр қабиласиданман, лекин бизни румликлар асир олишган. Кўп пул сарфлашимга келсак, буям тўғри. Аммо мен фақат Аллоҳ йўлида сарфлайман.

Ҳазрат Умар Суҳайбни жудаям яхши кўрардилар. Умар ибн Хаттобни яралашгач, навбатдаги раҳбар сайлангунига қадар ўзларига ўринбосар қилиб тайинладилар ва жанозаларини ўқишни васият қилдилар.

Сабр-бардошда тенги йўқ, қўли очиқ ва кучли фаросат соҳиби бўлган Суҳайб ибн Синон Румий милодий 685 йилда 70 ёшида Мадинаи мунавварада вафот этди ва Бақиъ қабристонига дафн этилди.

Абу Умар Акбарзода таржимаси

Дўстларга тавсия этиш
2015 йил 19 майда эълон қилинган  1295 марта кўрилган