Энди эса, тўғри жавоблар билан танишинг:
 
1. Гуноҳ ишлар ҳам Аллоҳнинг хоҳиши билан амалга ошадими?
Тоат ва савобли ишлар Аллоҳнинг амри, муҳаббати, ризоси, илми, хоҳиши, қазоси ва тақдири билан амалга оширилур. Тоатсизлик ва гуноҳ ишлар эса, Аллоҳнинг илми, қазоси, тақдири ва хоҳиши билан амалга оширилса-да, Унинг муҳаббати, ризоси ва амри билан эмасдир (“Фиқҳи акбар”).
 
2. Қуръонда «қалби салим» васфи билан зикр қилинган пайғамбар ким?
Қуръонда «қалби салим» васфи билан зикр қилинган пайғамбар Иброхим (а.с.)дирлар: «Ҳақиқатан, унинг (Нуҳнинг) ҳаммаслакларидан бири Иброҳимдир. Қайсики, Парвардигорига соғлом қалб билан келди» (Соффот, 83-84).
 
3. Қуёшда илиган сув билан таҳорат олиш мумкинми?
Бизнинг мазҳабда қуёшда илиган сув билан таҳорат олиш мумкин, макруҳ эмас (“Нафъул муфтий”, “Мезон”).
Имом Шофиъий, Имом Молик ва Имом Аҳмад (р.а.) наздларида қуёш тафтида иситилган сувларда таҳорат қилиш, тиббий жиҳатдан, макруҳдир. Чунки бундай сув қон айланиш системасини бузувчи омиллардан, песлик касалини келтириб чиқариши мумкин, дейишиб, Пайғамбаримиз(а.с.)нинг Ойша онамизга: “Эй Ҳумайро, бундай қилманглар! Чунки қуёш нурида исиган сув песлик касалини келтириб чиқаради”, деганларини далил қилишади.
Ибн Ҳажар ва Ромлий “Минҳож” китобида: Қуёш нурида илиган сув билан таҳорат олиш шаръан “макруҳи танзиҳий”, яъни енгил макруҳдир, дейишган.
Қуёшда исиган сув билан таҳорат олиш макруҳ деган фикрни айтгувчилар иссиқ мамлакатларда жазирама пайтда усти ёпиқ идишда қуёшда исиган сув билан таҳорат олишни назарда тутганлар. Қаттиқ иссиқ бўлмайдиган ўлкаларда қуёш тафтида заҳри кетган сув билан таҳорат қилиш макруҳ эмас, деганлар (“Раддул муҳтор ала Дуррул мухтор”).
 
4. Ҳадис истилоҳида “эътибор” деб нимага айтилади?
«Эътибор» сўзи луғатда баъзи ишларнинг ҳақиқатини билиш учун унга ўхшаган ва унинг жинсидаги бошқа ишларга назар солиб, солиштириб кўришга айтилади. Ҳадис истилоҳида эса бир ўзи ривоят қилган ровийнинг ҳадисини, бу ривоятда унга бирор ровий шерик бўлганлиги ёки бўлмаганлиги жиҳатидан бирма-бир кўриб чиқишга айтилади.   (“Мусталаҳул ҳадис”). 
 
5. «Шаққи садр» воқеаси Пайғамбаримиз ҳаётларида неча марта содир бўлган?
Икки марта. Биринчиси: Тўрт — беш ёшлар орасида, Бани Саъд қабиласида; Иккинчиси: Меърож кечаси, Исро воқеасидан олдин, Каъба ёнида (Бухорий ва Муслим ривояти; «Ар-раҳийқул махтум»).

 

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 4 июлда эълон қилинган  133 марта кўрилган