Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги

“Ислом цивилизациясининг буюк алломалари” мавзуида бадиий асарлар яратиш бўйича ижтимоий буюртмалар лойиҳасини

ЭЪЛОН ҚИЛАДИ

 

Республикамиз ўзининг янги тараққиёт босқичига кирган айни кунларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатни янада ривожлантириш ва модернизация қилиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, давлатимизда тинчлик, тотувликни сақлаш, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш, демократик ислоҳотларни изчил давом эттиришда муҳим ижтимоий мезон сифатида диний маърифат ҳамда бағрикенглик сиёсатининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бунинг ёрқин намунаси сифатида  сўнгги бир йил ичида Президентимизнинг шахсий ташаббусига кўра Ислом цивилизацияси марказининг, ҳадисшунослик, фиқҳ илми, шунингдек, тасаввуф илмини тадқиқ этувчи бир неча махсус диний –маърифий тадқиқот марказларининг, энг муҳими, Ислом академиясининг ташкил этилгани  тарихий ҳодиса бўлди, дейиш мумкин.

Шу маънода янги давр ёшларни маънавий қадриятларимизга, муқаддас ислом динимизга, юртимизда яшаб ўтган буюк мутафаккир аждодларимизнинг ибратли ҳаётига ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялаш, улар онгида бизга мутлақо ёт бўлган зарарли таъсирларга, хусусан, ислом ниқобидаги бузғунчи ғоялар, экстремизм, терроризмга қарши мустаҳкам маънавий иммунитетни шакллантиришга  қаратилган бадиий асарлар яратишни  тақозо этмоқда.

Қўйилган ушбу вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги юртимизда туғилиб, камол топган ва ислом дини ривожига, шунингдек, бутун башарият маънавий камолотига улкан ҳисса қўшган буюк бобокалонларимиз, хусусан, ҳадис илмининг султони Имом ал-Бухорий, Имом ат- Термизий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳовиддин Нақшбанд, Имом Мотуридий, Абул Муин Насафий каби улуғ зотларнинг ўлмас илмий-маърифий мероси, ибратли ҳаётини ва уларнинг инсон сифатидаги бадиий мукаммал образларини ҳаққоний гавдалантирувчи романларнинг яратилишига ҳисса қўшиш, муқаддас ислом динининг асл моҳиятини, унинг ривожида бобокалонларимизнинг улкан хизматларини аҳоли, айниқса, ёшлар орасида кенг ёритиш, шу билан бирга, адибларимиз, исломшунос олимлар ҳамда ёш тадқиқотчиларимизни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ислом цивилизациясининг буюк алломалари” мавзуида бадиий асарлар яратиш бўйича ижтимоий буюртмалар лойиҳасини эълон қилади.

Ижтимоий буюртмалар бўйича яратиладиган ижодий ишлар учун қуйидаги талаблар кўзда тутилган:

–   муқаддас ислом динининг софлигини таъминлаш,  унинг ривожи ва маънавий қадрини юксалтиришда ўзларининг ўчмас номларини қолдирган буюк бобокалонларимиз ҳадис илмининг султони Имом ал-Бухорий, Имом ат- Термизий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳовиддин Нақшбанд, Имом Мотуридий, Абул Муин Насафий каби улуғ зотларнинг ўлмас илмий-маърифий мероси, ибратли ҳаётини ва уларнинг инсон сифатидаги бадиий мукаммал образларини юксак бадиий воситалар билан акс эттирувчи романлар яратиш;

– буюк алломаларимизнинг бадиий тимсолларини яратиш билан бирга ислом динининг бугунги жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнининг муҳимлиги, инсониятни ташвишга солаётган глобал муаммоларни ҳал этишда исломий бағрикенглик ғояларининг аҳамиятини очиб бериш;

– ислом ҳар соҳада меъёр ва мувозанатга риоя қилувчи дин экани, унинг моҳияти – инсонга ғамхўрлик, бағрикенглик, ҳукмлари – адолат, воқелиги –ҳалқпарварлик, зоҳири – илғор маданият экани;

– ислом оламида кечаётган мураккаб ижимоий-сиёсий жараёнларнинг асл мазмун ва моҳияти, келиб чиқиши ва оқибатларини теран таҳлил этувчи ҳамда турли ғаразли ва бугунги террорчилик ҳолатларини ислом дини билан боғлаётган бузғунчи кучларга қарши курашга чорловчи;

– ислом тинчлик дини экани ва у моҳиятан террорзимга мутлақо зидлиги, миллий тарбиянинг шарқона хусусияти, диний таълим тизимидаги ўзига хос тамойилларни очиб берувчи;

– дунёнинг турли бурчакларида содир бўлаётган бузғунчилик ва хунрезликлар исломдан эмаслигини тарихимиздаги алломалар ҳаётидан келтирилган турли воқеалар, вазиятларга муносабатлар асосида далиллаб берадиган;

– ўз даврида буюк бобокалонларимизнинг диний мутаассиблик, адашган оқимларнинг пуч даъволарига берган раддиялари, динимиз таълимотларини нотўғри талқин қилувчиларга жавобларини бугунги кун билан боғлаган ҳолда қизиқарли талқин этувчи;

– муқаддас динимизнинг асл моҳиятини англаш –  айрим ёшларнинг ислом ниқобидаги бузғунчи ғоялар, экстремизм, терроризм гирдобига кириб, бузғунчи ғояларга алданиб қолишига қарши курашишида ўта муҳим омил экани;

– ислом дини бағрикенглик тамойиллари билан ҳамиша халқлар ўртасида дўстлик, тинчлик-тотувлик ва ҳамкорликка чақириб келганини, ҳар қандай фитна ва урушларга барҳам берганини бадиий образлар воситасида очиб берадиган асарлар яратиш шулар жумласидандир.

Буюртма берилган китоблар Агентлик тизимидаги нашриётлар қошида таниқли адиблар, исломшунослар, диний арбоблар ҳамда тарихчи олимлардан иборат нуфузли ҳайъат томонидан баҳоланиб, нашриётларнинг ижтимоий грантлари асосида чоп этилади ва муаллифларга белгиланган тартибда қалам ҳақи берилади.

Нашриётлар ва муаллифлар ўртасида тузиладиган шартномада ижтимоий грантлар асосида яратиладиган китоб учун қалам ҳақининг маълум қисмини олдиндан тўлаш ҳам кўзда тутилади.

Лойиҳада иштирок этишни хоҳловчилар диққатига!

Ижтимоий буюртмалар лойиҳасининг ташкилий ва ижодий жиҳатлари юзасидан Агентлик тизимидаги нашриётларга бевосита мурожаат қилишингиз ҳамда улар билан олдиндан шартнома тузиш тартибида лойиҳани бажаришга киришишингиз мумкин!

Агентлик тизимидаги нашриёт-матбаа ижодий уйларининг манзиллари:

1.“Ўзбекистон” НМИУ – 100011, Тошкент, Навоий кўчаси, 30-уй. Тел.:             

(0371) 244-87-55, 244-87-20. Факс: (0371) 244-37-81, 244-38-10;

2. “Ўқитувчи” НМИУ – 100206, Тошкент, Янгишаҳар кўчаси, 1-уй.

Тел.:(0371) 224-10-77, 224-05-49.Факс: (0371) 224-05-61;

3. Чўлпон номидаги НМИУ – 10011, Тошкент, Навоий кўчаси, 30-уй. Тел.:(0371) 244-10-45. Факс: (0371) 244-58-55;

4. “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти – 10011, Тошкент, Навоий кўчаси, 30-уй. Тел.: (0371) 244-34-38, 244-60-75, 244-07-47. Факс: (0371) 244-24-91;

5. Ғафур Ғулом номидаги НМИУ – 100128, Тошкент, Лабзак кўчаси, 86-уй. Тел.: (0371) 241-19-28, 241-18-96. Факс: (0371) 241-82-69.

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 16 январда эълон қилинган  394 марта кўрилган