“Ислом ва ақидапараст оқимлар” номли асар исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг бир неча йиллик тадқиқотлари мевасидир. Китоб “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси босмахонасида чоп этилган. Асарнинг масъул муҳаррири Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари.

Ҳурматли ўқувчи, сизга ўқишингиз учун таклиф қилинаётган китобда Ислом ниқоби остида пайдо бўлган турли мутаассиб оқим ва фирқаларнинг пайдо бўлиш тарихи, уларнинг пуч ғоялари, мусулмонларга келтирган зарарлари тўғрисида тарихий маълумотлар жамланган бўлиб, эътиқод шаклланиши жараёнида ҳар томонга оғиб, эътиқоднинг бош мазмунига путур етказган оқимлар билан замондошларимизни огоҳ этишга бағишланган. Тарихий воқеаларни таҳлил қилган киши ҳозирги асримизда эрта баҳор фаслида ердан бодраб чиқадиган қўзиқориндек пайдо бўлаётган янги оқимларнинг илдизлари, асослари ва ғоялари аслида тарихда бир вақт чиқиб, кейин саробдек сўниб, йўқ бўлиб кетган фирқалар билан ҳамоҳанг эканлигини идрок этади. Шунинг учун ҳам Айдарбек Тулепов ислом дини тарихида илк пайдо бўлган диний-сиёсий фирқаларни имкон қадар барчаси тўғрисида маълумот беришга ҳаракат қилган.

Шу билан бирга, ислом динидаги ақидавий йўналишлар ва фиқҳий мазҳаблар билан бир қаторда  ҳанафий мазҳабининг асосчиси Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит Имоми Аъзам (р.а.)нинг “Фиқҳи акбар” китобининг тўлиқ ўзбекча матни ва бир неча ақидавий китоблардан саралаб олинган ақоидга доир қўшимча масалалар тўғрисида ҳам тегишли маълумот берилган, чунки мўмин киши тўғри ақида билан ботил ақида ўртасидаги фарқларни яққол кўриб, ўзига хулоса чиқариб олиши даркор.

Кейинги пайтда сохта пайғамбарлар, имом маҳдийлар, Аллоҳдан ваҳий қабул қилишни даъво қилувчилар, ғайб илмидан хабар берувчилар, сохта эшонлар оз бўлсада учрамоқда. «Диний билими ўта саёз, турли фитна-фасод қўзғайдиган фикрларни, ғояларни содда халқ онгига сингдиришга уринаётган чаласавод кимсаларга эргашиб кетмасликлари учун, ёшларни тўғри йўлга солиш ва ҳушёрликка чорлаш мақсадида ушбу асарни ёзишга азму-қарор қилдим», – дейди муаллиф китобнинг кириш қисмида.

Айдарбек Тулепов ислом динига доғ тушираётган ҳар бир оқимнинг ақидасини содда-равон сўзларни далиллари билан келтириб, «Аҳли Сунна вал Жамоа» наздида қандай эканини таъкидлаб, ўқувчини адашмасликка, огоҳликка чорлайди.

Ақидани соф сақлаб қолиш масаласи ўтган даврларда ҳам, ҳозирги замонда ҳам инсон тарбиясининг энг муҳим жабҳаси сифатида ардоқланади. Бироқ, таълим тизимининг барча босқичларида, жумладан умумтаълим мактаблари, ўрта махсус касб-ҳунар таълими ва олий таълимнинг барча муассасаларида турли ақидапараст оқимларнинг сохта ғояларини очиқ таҳлил этиб, кўрсатиб берадиган, мана шу сохталик мазмунини тарихий фактлар асосида ёритиб берадиган ўқув қўлланмасига жуда кучли эҳтиёж мавжудлигини тан олиш даркор. Айдарбек Тулепов томонидан тайёрланган мазкур китоб ҳозирги кунда Тошкент ислом университети, Тошкент ислом институти ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча мадрасаларда ўқув қўлламаси сифатида фойдаланилмоқда.

Исломшунос, тадқиқотчи олим Айдарбек Тулеповнинг «Ислом ва ақидапараст оқимлар»  китоби айнан муқаддас  ислом  динимизни  пок  сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш мақсадида дунёга келган.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, айрим фирқалар асрлар давомида муқаддас динимиздан ўзларининг тор манфаатлари йўлида фойдаланганлар. Афсуски, бу каби фирқаларнинг аксарияти тарих саҳнасидан чиқиб кетганига қарамай, уларнинг сохта ғоялари янгидан пайдо бўлаётган оқимлар томонидан «қайта тирилтирилмоқда». Шу боисдан ҳам фуқароларимизда ғоявий иммунитет ҳосил қилиш мақсадида ислом тарихида мавжуд бўлган бундай фирқаларнинг пуч таълимотларини танқидий ўрганиш мақсадга мувофиқ.

Бу нашрнинг афзалликларидан яна бири – ҳар бир оқимга нисбатан мазҳабимиз уламолари томонидан асосли раддиялар келтирилганидир. Масалан, муқаннаия оқими ва Муқанна шахсиятининг ўзига нисбатан ўзбек тилидаги мавжуд адабиётларда учрайдиган муносабатдан бирмунча фарқли бўлиб, муаллиф форс, араб, инглиз ва рус тилларидаги манбалар асосида ҳаққоний тарихий жараённи кўрсатиб беришга ҳаракат қилган.

Айдарбек Тулеповнинг «Ислом ва ақидапараст оқимлар» китобининг тўлдирилган нашри ҳозирги кунда нафақат Ўзбекистонда балки Марказий Осиёда диний оқимлар ҳақида яратилган кенг қамровли китоб сифатида ғоятда аҳамиятлидир. Муаллиф «Ислом ва ақидапараст оқимлар» асарини ёзишда араб, форс, инглиз, рус ва ўзбек тилларидаги мазкур мавзуга бағишланган етмишдан ортиқ китоб ва бир неча диссертацияларда берилган оқим ва фирқаларга тааллуқли маълумотларни йиғиб, тизимлаштирган ва батартиб жамлаган. Асарда ёритилган турли ақидапараст оқим ва фирқалар тарихи ва улар тарғиб қилган бузуқ ақидаларни билиб олиш, ҳозирги кунда мавжуд замонавий бузғунчи ва мутаассиб кучларнинг пуч ғояларига қарши юртдошларимиз иммунитетини шакллантириш имконини беради. Шунингдек, «Ислом ва ақидапараст оқимлар» асари дунёга келиши учун Айдарбек Тулеповнинг ҳаётий ва меҳнат тажрибаси жуда юқори бўлганлиги, асарнинг бениҳоят даражада кучли, зарур ва фойдали бўлишини таъминлаб берган. Шу жиҳатлари билан «ислом дини билан ниқобланган ақидапараст оқимларга бағишланган» бу асар ҳозирги замон исломшунос ва ақидапарастлик тарихи билан шуғулланувчи мутахассислар учун муҳим манба ҳисобланиши билан бир қаторда ҳар бир юртдошимиз учун ҳам зарур ҳаётий қўлланмадир.

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 7 апрелда эълон қилинган  2344 марта кўрилган