“Мовароуннаҳр” нашриёти халқимизнинг севимли адиби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Ярим аср дафтари” китобини чоп этди. Адибнинг ушбу китоби қарийб эллик йиллик кузатувлар маҳсулидир. Ундан адибнинг яқинлари – ота-она, оила аъзолари ҳақидаги мақолалари, сафдошлар, устозлар, замондош ижодкорлар билан боғлиқ хотира ва ўйлари, ҳаёт, адабиёт тўғрисидаги мулоҳазалари ўрин олган. Саҳифаларни варақлар экансиз, адиб атрофдагиларга чексиз меҳр, самимият, эътибор билан ёндашганининг гувоҳи бўласиз. Ҳар бир сатрда ёзувчига хос бағрикенглик, одамлар қалбидаги эзгуликни ҳис этиш, атрофдагиларнинг қувончига шерик, дардига малҳам бўла олиш каби хислатларни кўрасиз...

“Ярим аср дафтари” китобини “Мовароуннаҳр” нашриётидан ёки “Шарқ зиёкори” дўконларидан сотиб олишингиз мумкин.


 

Ҳаётда нималар бўлмайди! Инсон умри олис ва паст-баланд йўлга ўхшайди. Бу йўлнинг бир улуши нурга тўлиб ётса, бир улуши зулмат қўйнидан ўтади. Дунёда бир умр бахтли яшайдиган одам йўқ. Бироқ ҳар қандай вазиятда ҳам инсон инсонлигини унутмаса, дуруст бўлармиди... Шундай қилсак, биз бошқаларга ҳам жиндай нур берган бўлармидик... Ахир чироқ кўтариб кетаётган одам фақат ўзининг йўлини ёритмайди-ку, ўзгаларга ҳам озми-кўпми ёруғлик улашади...

Ўткир ҲОШИМОВ


 

ВАСИЯТ КИТОБ

Адабиётимизнинг азиз мухлиси! Навбатдаги янги китобни ўқишга киришганингиз қутлуғ бўлсин! Фақат уни ўқиш чоғида мени чулғаб олган ва бирор лаҳза диққат-эътиборимни тарк этмаган ажиб бир ҳайратни сизга баён этишга бурчлиман: китобни ўқияпману, назаримда, унинг ҳар бир саҳифасида муаллиф − Ўткир Ҳошимов бир чеккада мени кузатиб тургандек бўлаверди! Тафаккурга эмас, тасаввурга ишонгим келади шундай дамларда ва илкис бош кўтариб ён-веримга ўгириламан, қарайман, излайман.

Ўткир ака эса йўқ...

Алоҳида таъкидламоқ керак, “Ярим аср дафтари” атоқли ўзбек адиби Ўткир Ҳошимов ўз қўли билан тартиб берган сўнгги китобдир. Уни қайта-қайта варақлар эканман, беихтиёр дайди ўй олиб қочди: Ўткир ака не мақсад-муддаода айнан шу мазмун-шу тартибда китоб яратишга чоғланган? Энг яқин инсонлар − ота, она, опа, ака-укалар... Умр йўлдоши, фарзандлар... Устозлар... Сафдошлар... Ҳамкасблар... Атрофдаги одамлар... Ҳаёт қувончлари, изтироблари ва ҳангомалари...

Китобнинг ҳар саҳифасини эмас − муаллифнинг ўзигагина хос руҳи ва услуби сингиб кетган ҳар ибора, ҳар жумласини ўқиётиб кўз ўнгимиздан Ўткир аканинг таниш ва қадрдон нигоҳи-сиймоси бир-бир ўтар экан, яратган Эгамиздан ардоқли адибимиз қўйилган маконни ўз нурлари билан чароғон қилишини сўраб, илтижо қилиб қоламиз.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД

Дўстларга тавсия этиш
2014 йил 20 мартда эълон қилинган  2128 марта кўрилган