Таълим олиб ким устоздан,

Сир англаса аҳли роздан,

Била-била оздан-оздан

Олим бўлар аста-аста.

Биродаринг бахил агар,

Узоқ юр, ундан қил ҳазар,

Айлаб ҳасад у шум назар

Ғаним бўлар аста-аста!

Илмингга илм қўшиб бор,

Қолмасин қалбинг нурга зор,

Ёғ тугаб, пилик бермас кор,

Чироқ сўнар аста-аста,

Толиб! Йўлда қолма толиб,

То чашма бор, ичгил қониб,

Армон қилма сўнг бўш қолиб,

Мавжлар тинар аста-аста.

Қизиқ бу дунё бозори,

Кўпдир сийму зарнинг зори,

Қани ҳикмат харидори?

Бозор тарқар аста-аста.

Ҳайиқмай қор, бўронлардан,

Ҳатлаб ўт ғов-тўғонлардан,

То кун бор ош довонлардан,

Қарир сафар аста-аста.

Умр ҳайф, на касб, на камол,

Қани ёдгор? Жавоб маҳол,

Кутгил, Фозил, экдинг ниҳол,

Берар самар аста-аста.

Фозил Зоҳид

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 10 январда эълон қилинган  306 марта кўрилган