октябр 15

Илоҳи, Сендин ёмонлиғ келмас ва мендин яхшилиғ, Сен яхшисен ва мен ёмон. Ҳар кимга ўзига муносибдур қилиғ. Тикан иши санчилмоқ учун, ани куйдурмак муносибдур, баҳор файзи ом учун, анга гул мусоҳибдур.

Илоҳи, агарчи залолатқа тушубмен, аммо ҳидоятингга талабгормен ва агарчи тамуғ ўтиға тушкали ёвушубмен, аммо раҳматингдин умидвормен.

Илоҳи, умидимни карамингдин маъдум қилма ва раҳматингни халойиққа ом қилғонда мени ҳам маҳрум қилма.

Илоҳи, тоатингға ҳавасим бор, аммо нафска забунмен, ибодатингға мултамасим бор, аммо гирифтори ишқу жунунмен.

Илоҳи, агар ҳавасдин бош-аёғ яланг ҳар ён югурдум, бошдин-аёғим ёмон эрканин халойиққа билдурдум.

Илоҳи, мен тавба қилдим дегандин не суд, сен тавба бергилки, ҳам Таввоб Сену ҳам Маъбуд.

Илоҳи, намозеки, эл бўлмағунча қилмағаймен, худнамолиғдур ва ул намоз учун хирқаву ридо худоройлиғдур.

Илоҳи, ул намойишу оройишдин кўнглумни мубарро қилғил ва бу навъ шайтон либосидин пайкаримни муарро қилғил.

Илоҳи, тоатқа тавфиқ берсанг, риёдин асра ва ибодатқа йўл кўргузсанг, хатодин асра.

Илоҳи, ул тоатки, ужуб келтургай, кўнглумга ёвутма ва ул маъсиятким узрга еткургай, тилимдин йироқ тутма.

Илоҳи, беилож дардга алил қилма ва бемурувват номардга залил қилма.

Илоҳи, беасллар мазаллатидин асра ва бедиёнатлар туҳматидин асра.

Илоҳи, жоҳил суҳбатиға побанд этма ва арозил ҳашматиға ҳожатманд этма.

Илоҳи, носипослар маломатидин йироқ тут ва ҳақшунослар хусусиятидин қироқ тут.

Алишер Навоий

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 15 октябрда эълон қилинган  457 марта кўрилган