Назар сол осий умматга, тасаддуқ, ё Расулуллоҳ,

Ҳамиша кори ғафлатга, тасаддуқ, ё Расулуллоҳ,

Мани бошланг ҳидоятга, тасаддуқ, ё Расулуллоҳ,

Ўшал маҳшарда жаннатга, тасаддуқ, ё Расулуллоҳ,

Солинг дарёйи раҳматга, тасаддуқ, ё Расулуллоҳ.

 

Йиғилса аввалу охир ўшал саҳройи маҳшарга,

Халойиқ эргашурлар барчаси ҳодию раҳбарга,

Тараҳҳум қил ўшал соат бизнингдек осий, музтарга,

Борурмиз барча ташна сув тилаб соқийи кавсарга,

Берар аҳли саодатга, тасаддуқ, ё Расулуллоҳ.

 

Худо қози бўлуб, тонг-ла гуноҳимни ҳисоб этгай,

“Ҳама бандам мани қошимға келсун!” деб хитоб этгай,

Муҳаммадга кимиким уммат эрмастур, азоб этгай,

Ўшал кунни кишиким ўйласа, доим савоб этгай,

Етар уммат шарофатга, тасаддуқ, ё Расулуллоҳ.

 

Лаҳаддин бош кўтарганда ҳама “во ҳасрато”, дерлар,

Қиёмат шиддатидинким ҳама “во вайлато”, дерлар,

Ҳама умматларинг йиғлаб яна “ё Мустафо”, дерлар,

Муҳаммад саждага бошин қўйиб “во уммато”, дерлар,

Қолур уммат хижолатга, тасаддуқ, ё Расулуллоҳ.

 

Тарозуға солур аъмол элини ул қиёматда,

Гуноҳидин савоби кўп эса, албатта, роҳатда,

Биҳишт ичра кирар ҳуру қусур бирлан фароғатда,

Ҳазиний осий уммат, сақлагил ҳифзу ҳимоятда,

Қилай жонимни ҳазратга тасаддуқ, ё Расулуллоҳ.

 

Ҳазиний

Дўстларга тавсия этиш
2016 йил 4 январда эълон қилинган  755 марта кўрилган