Мен айтай, жон қулоғи-ла эшит пандимни, жон ўғлим,

Амал қилсанг сўзимга асли кўрмайсан зиён, ўғлим.

 

Дилингни ота-она меҳр нури-ла мунаввар қил,

Қолур сендан жаҳонда яхши бир ному нишон, ўғлим.

 

Хиёнат қилма халқингга, жиноятдан ҳазар айла,

Садоқат кўрсатиб, бўл яъни машҳури замон, ўғлим.

 

Синов бермай киролмайсан ҳаёт дорилфунунига,

Ўзингдан ҳар куни бир марта олғил имтиҳон, ўғлим.

 

Вафолик оилангни камситиб ҳолин хароб этма,

Ўзин боғини вайрон айламас ҳеч боғбон, ўғлим.

 

Қўлинг югуриклиги ошга, тилинг югуриклиги бошга,

Етар дерлар, бу сўз ҳақ, қилмағил ҳаргиз гумон, ўғлим.

 

Борар жойинг қаерда, билмасанг манзилга етмайсан,

Адашгай ноаниқ йўлдан борувчи корвон, ўғлим.

 

Ҳалол бўлсанг, ҳалол топсанг, ҳаромий номин олмайсан,

Ўқиб билганларим мингдан бирин қилдим баён, ўғлим.

 

Эшитсанг балли устозингга минг раҳмат, дегай Чустий,

Камолингга етиб минг йил яша соғу омон, ўғлим.

 

Чустий

Дўстларга тавсия этиш
2015 йил 4 декабрда эълон қилинган  784 марта кўрилган