Умид дунёсида юрган одамлармиз,

Оз умрида кўпни кўрган одамлармиз.

Ўтар-кетар дунё-ку, деб қадрин билмай,

Ғафлат ичра даврон сурган одамлармиз.

 

Васвасага берилганлар тушмас ойдан,

Ҳаммамиз ҳам шу дунёдан, обу лойдан,

Ўзайин деб гадолар ҳам бугун бойдан,

Қум устида қўрғон қурган одамлармиз.

 

Ўткинчи ҳою-ҳавасга сарфлаган куч,

Бир-бировин ишончини айлаган пуч,

Бир-бирига ногаҳонда келганда дуч

Кўрмагандек юзин бурган одамлармиз.

 

Бир-бир айтдим орадаги оламиздан,

Озроқ шодлик, кўпроқ эса ноламиздан,

Умидимиз шу қоракўз боламиздан,

У деб ўзни ўтга урган одамлармиз.

 

Эй Оллоёр, ўзни билмай урмагин дам,

Бу дунёнинг ўзи азал биридир кам,

Бундай олсак, катта-кичик, ҳаммамиз ҳам

Умид дунёсида юрган одамлармиз.

 

Оллоёр Бегалиев

Дўстларга тавсия этиш
2015 йил 5 июнда эълон қилинган  844 марта кўрилган