Руҳи покини бу кун суйи само қилғучиман,

Ул ғазаблик подшога ошно қилғучиман.

Оташи ишқ олдида жонинг олурдин ғам ема,

Талх жонингни танингга нораво қилғучиман.

Ман ўзим ғассол ўлуб, ювсам керак жисмингни пок,

Нури имонинг била қабринг зиё қилғучиман.

Гўр ичи Мункар Накир сўрса саволи бандалик,

“Раббим Аллоҳ”ни тилингга жо-бажо қилғучиман.

Ул Қиёмат шиддатидан зарра, бандам, қўрқмагил,

Номаи мақсудни илкингга жо қилғучиман.

Пулсирот остида дўзах деб паришон ўлмағил,

Пистани пўчоғига дўзахни жо қилғучиман.

Ул тарозу палласиға солса аъмолинг сани,

Заррайи оҳим билан журмингни ло қилғучиман.

Ҳашт дари жаннат юзингга во қилур бу Машрабо,

Ҳамнишини Чорёру Мустафо қилғучиман.

Бобораҳим Машраб

Дўстларга тавсия этиш
2015 йил 4 июнда эълон қилинган  634 марта кўрилган