август 16

Ривоят қилишларича, дунёга келишга ҳозирланаётган чақалоқ Тангри таолодан сўради:

– Эй Аллоҳим, мени дунёга келтиришинг ҳақида айтишди. Аммо у ерда қандай яшайман, ҳали жуда кичик ва кучсиз бўлсам?..

– Қўрқма, – деган жавоб бўлди унга, – фаришталаримдан бири ҳамиша олдингда бўлади, у сени яхши кўради, асраб-авайлайди. Унинг кучли муҳаббатини доимо ҳис қилиб турасан ва бу билан бахтли бўласан.

– Лекин инсонлар менга гапиришса, уларни қандай тушунаман, ахир, тилларини билмайман-ку?

– Ёнингдаги фариштанг сенга дунёдаги энг гўзал ва ёқимли сўзларни сабр-тоқат, муҳаббат ила ўргатади.

– Агар сен билан гаплашишни истасам-чи, унда нима қиламан?

– Фариштанг сени қўлларингни очиб, менга дуо қилишга ўргатади.

– Аммо дунёда ёмон инсонлар ҳам бор деб эшитдим, уларнинг ёмонлигидан мени ким қутқаради?

– Фариштанг то ёнингда экан, ҳар доим сени улардан асрашга интилади.

 – Ҳаммаси яхши-ку... фақат сени кўра олмаслигимдан маҳзунман...

– Ғам ема, фариштанг сенга мен ҳақимда гапириб беради ва менга етишиш йўлларини ўргатади.

Чақалоқ ёруғ дунёга кетишга чоғланаркан, қалбидаги энг сўнгги саволга ҳам жавоб олишга интилди:

– Аллоҳим, фариштамнинг исми нима?

– Фариштанг исмини билишинг шарт эмас, сен уни «онажон» деб чақирасан...

 

Ирода Тўрахонова тайёрлади

Дўстларга тавсия этиш
2013 йил 16 августда эълон қилинган  4278 марта кўрилган