Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадис, суннатлари бизгача етиб келишида саҳобия аёлларнинг хизмати катта. Айниқса, у зот (с.а.в.)нинг завжалари турли масалалар юзасидан ривоят қилган ҳадислар қимматли манба ҳисобланади.

Улар ичида Ойша бинти Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) илмда энг бой ҳисобланади, кўп ҳадис ривоят қилганлар орасида зикр этилади. Ойша онамиз (р.а.) 2210 та ҳадис ривоят қилганлар.

Умму Салама (р.а.) онамиздан 370 та ҳадис ривоят қилинган.

Умму Ҳабиба (р.а.)дан 65 та ҳадис етиб келган. Шулардан 2 таси Имом Бухорий ва Имом Муслим, яна бир ҳадис Имом Муслимнинг ўзидан ривоят қилинган.

Ҳафса онамиз (р.а.)дан Боқий ибн Махлад «Муснад»ида 60 ҳадис ривоят қилинади. Имом Бухорий ва Имом Муслим 4; Имом Муслимнинг ўзи эса 6 та ҳадис ривоят қилган.

Маймуна бинти ал Ҳорис (р.а.)дан 13 та; Зайнаб бинти Жаҳш (р.а.)дан 11 ҳадис етиб келган.

София бинти Ҳуяй (р.а.)дан 10 та ҳадис ривоят қилинган. Шундан 1 таси Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.

Жувайрия бинти Ҳорис (р.а.) 7 та ҳадис; шулардан 1 таси Имом Бухорий, 2 таси Имом Муслимдан ривоят қилинган.

Савда бинти Замъа (р.а.) онамиз 5 та ҳадис ривоят қилган.

Бу сафда бошқа саҳобия аёлларнинг ҳам ўрни бор. Масалан, Фотима (р.а.)дан Боқий ибн Махлад «Муснад»ида 18 та ҳадис келтирилган. Ундан 1 таси Имом Бухорий ва Имом Муслим «Саҳиҳ»идан жой олган. Фотима онамиздан ўғиллари Ҳусайн (р.а.), Ойша ҳамда Умму Салама онамиз (р.а.), Анас ибн Молик (р.а.) ва бошқалар ривоят қилишган.

Умму Айман (р.а.) 5 та ҳадис ривоят қилганлар.

Асмо бинти Абу Бакр (р.а.) 58 та ҳадис ривоят қилганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслимда 13 таси келтирилади. Бунга қўшимча равишда фақатгина «Саҳиҳул Бухорий»да 5 та, Имом Муслимда 4 та ҳадис Асмо (р.а.)дан ривоят қилинган.

Умму Хоний (р.а.)дан 30 та; Умму Сулайм бинти Милхон (р.а.)дан 14 ҳадис етиб келган. Асмо бинти Умайс (р.а.)дан 4 ҳадис «Сунан»да келтирилади. Ундан ўғли Абдуллоҳ ибн Жаъфар, синг­лисининг ўғли Абдуллоҳ ибн Шаддод, Саид ибн Мусаййаб ва бошқалар ривоят қилганлар.

 

Гўзал Муҳиддинова,

Бухоро шаҳри

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 13 июнда эълон қилинган  2584 марта кўрилган