Яқинда бир қадрдоним бағрига босиб омонлашаркан, “мана бундай, юракни юракка яқин қилиб кўришиш керак”, деб қолди. Кўпни кўрган, зиёли аёлнинг бу сўзлари дилимда ажиб туғёнлар пайдо қилди.   
Юракка яқинлик... Назаримда, бу гапда ўзига хос ҳикмат, зоҳир ва ботин ўртасидаги уйғунликка ишора бордек. “Бағрига босиш” деганда кўз олдингизга нима келади? Менинг тасаввуримда гўдагини бағрига босиб турган она сиймоси пайдо бўлади. Биз дунёга келибоқ ана шу “сеҳрли қучоқ”қа тушамиз ва она қалбидаги тафтдан баҳра олган жажжи юрагимизда меҳр аталмиш неъмат куртак ёзади. Бу куртак дарахтга айлангунигача ўша илоҳий манбадан суғорилиб турмоғи керак эмасми? Балки шунинг учун ҳам оналаримиз фарзандларини бағирларига босиб кўтаришар?     
Ҳа, азалдан болажон халқимиз гўдакларини то йўлга юргунича қўлдан қўймай катта қилган. Оналар фарзандларини ҳамиша бир хилда, юракка яқин тутиб кўтарганлар. Ғарб аёлларининг болани махсус пешбанд ёрдамида гоҳ олд томони, гоҳ орқасига осилтириб кўтариб юришларини илгари фақат телевизорда кўрардик ва бу ҳолат бизга жуда ғайриоддий туюларди. Бугун болани юкхалтадай боғлаб олиш бизнинг ёш оналаримиз ўртасида ҳам одат тусига кира бошлади. Бу ҳам бир қулайлик-да, дерсиз? Тўғри, лекин фарзанд масаласига келганда сал ҳушёрроқ бўлиш керак эмасмикин? Айниқса, пешбандсиз ҳам болани биқинига ўтқазиб ёки қўлтиғидан қўлини чирмаштириб олган келинларимизни кўриб, ахир жонининг бир парчаси, дилбандини ҳам шунақа осилтириб кўтарадими одам, деб юборгинг келади. Қолаверса, бу юришнинг ташқаридан хунук кўринишига ҳам кўз юмиб бўлмайди.  
Қари билганни пари билмас. Илгари бувиларимиз болани қандай кўтаришимизга жиддий эътибор берганлар. Жиянчаларни шунчаки ўйнатиб тарвуздек қўлтиқласак ёки оёғини икки томонга осилтириб кўтарсак, “болани тўғри ушла!” деб қаттиқ дакки беришарди. Айиқса, чақалоқни иккала қўлни пастдан ўтказиб кўтаришга асло йўл қўймасдилар. Замонавий тиббиёт боланинг чилласидан тортиб то бешикка ётқизишдаги халқона усулларнинг асосли, унинг ҳар томонлама соғлом бўлиб улғайиши нуқтаи назаридан келиб чиққанини аллақачон исботлаган. Биз бугун масаланинг фақат руҳий ва маънавий томонларига назар солдик, аслида, юқоридаги “ноанъанавий” усулларнинг тиббиёт оқламайдиган жиҳатлари ҳам бўлса, ажабланмаймиз. Биз бола тарбияси-ю парвариши борасида қадриятга айланиб кетган улкан маънавий меросга эга халқмиз. Шундай экан, ёт одатларга тақлид қилиш бизга ярашмайди.   
... Ёзяпману, ҳали-ҳануз онамнинг райҳон бўйли оғушини соғиниб яшаётганимни ҳис этдим. Совуқда иситган, иссиқда пана қилган, суйиб-эркалаган, овутган она бағрини... Илоҳий қувват бергувчи ўша яқинлик ҳам қадрият экан. Келинжонлар, болангизни юракдан йироқлатманг, токи она-бола дилларингиз пайванд, меҳр ришталари мустаҳкам бўлсин!
 
Гулчеҳра Асронова
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 25 сентябрда эълон қилинган  105 марта кўрилган