Исмим Гулноза, ёшим 21 да. Отам оламдан ўтгач, анча қийналиб қолдик. Опам Дилноза билан ишлашга қарор қилдик. Уйимиз яқинидаги тикувчилик цехига ишга кирдик. Маошимиз ўртача бўлса-да, ойим ҳам мактабда фаррошлик қилганлари боис, рўзғор тебратишга етиб турарди. Ҳозирги ёшлар қатори мен ҳам интернетга қизиқар, “odnoklassniki. ru” сайтига тез-тез кириб турардим. Кунларнинг бирида сайтда бир профиль эгаси дўстлашиш учун сўров юборди. Мен билан яқиндан танишиш нияти борлигини билдирди, Солиҳа исмли бу жувон асли қирғизистонлик бўлиб, унинг ҳам отаси вафот этган экан. Ёзишмаларимиздан унинг анча қийналиб юриб, охири яхши бир инсонга турмушга чиққанини, ҳозир Покистонда яшаётганини билдим. Мен ҳам унга ёш бева бўлиб қолган онам ҳамда ҳали турмушга чиқмаган 23 ёшли опам билан яшашимиз, тикувчилик билан кун кечиришимиз ҳақида ёздим. У диндан хабарим бор-йўқлигини сўраб қолди. Мен намоз ўқиш учун керакли бир неча суранигина билишимни, буни менга раҳматли бувим ўргатганини, ҳозир анча эсимдан чиқиб қолганини айтдим. Шунда у ислом динини ўрганиш ҳар бир мусулмон учун фарз эканини, агар хоҳласам, менга устозлик қилиши мумкинлигини айтди. Рози бўлдим. У менга дин шартлари, ислом давлати тузиш учун барча масъул экани, бизлар ҳам жиҳод қилишимиз зарурлиги, бу йўлда маҳкам туриш кераклигини сингдира бошлади. Ундан ўрганган нарсаларимни опамга гапириб берардим.

Солиҳа маълум вақтдан кейин биз тайёр бўлганимизни, энди дин учун хизмат қиладиган фурсат етганини айтди. У жиҳод қилиш ва кофирларга қарши курашиш учун Қозоғистон орқали Покистонга ўтиб боришимизни, бизга шахсан ўзи йўлкира пули юборишини, ўша ерда ишлаб, онамга ҳам пул жўнатиб туришимиз мумкинлигини ёзди. Тўғрисини айтсам, ойим рози бўлмаслигини билиб, ёлғон гапиришга мажбур бўлдим. Рўзғоримизни бутлаш, уйни таъмирлаш, яхши яшаш учун анчагина пул кераклиги, шу сабабли опам билан Россияга бориб, ишлаб келишимизни айтдим. Ойим кўнмади, аммо қатъий туриб олганимдан сўнг, ноилож рози бўлди. Ниятимга етгач, Солиҳадан пул сўраб, хат жўнатдим.

Йўлкирани олиб, опам иккаламиз Қозоғистон орқали Покистонга ўтдик. Покистон чегарасида бизни ўттиз ёшлардаги соқоллари ўсган бир эркак кутиб олди. Уни Солиҳа юборган экан. Танишим икки қаватли уйда яшаркан. Аёл бизнинг ташрифимиздан хурсандлигини айтиб, дастурхон тузади. Унинг турмуш ўртоғи асли афғон, исми Шайх Абу Абдуллоҳ бўлиб, жангариларга раҳбарлик қилар экан. У бизни жиҳод қилиш учун келган биродарларига – мени тожикистонлик Муҳаммад Исога, опамни чеченистонлик Абдураҳмонга мажбуран никоҳлади. Шу зайлда олти ой яшадик. Бу орада ойим билан хабарлаша олмадик. У ерларда тез-тез урушлар, портлатишлар бўлиб турар экан, шу орада турмуш ўртоғим ҳалок бўлди.

Шундан сўнг Солиҳанинг эри ватанимга қайтиб, қариндош-уруғ ва дугоналаримни ҳам жиҳодга даъват қилиб, бошлаб келишимни буюрди. Мен яна Қозоғистон орқали Ўзбекистонга келдим. Эшигимиз қулф, ичкарида ҳеч ким йўқ эди. Қўшнимизникига чиқсам, у онагинамнинг бир ой олдин вафот этгани, бизни интизор бўлиб кутганини айтди. Мен гумроҳнинг кўзини меҳрибон онамнинг ўлими ҳам очмади. Уйимизга қизларни йиғиб, турли машғулотлар ўтказа бошладим. Уларга хорижда кўрганларимни ҳикоя қилиб бериш орқали жиҳод ва ҳижрат ҳақида тушунча бердим. Шундай кунларнинг бирида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ҳибсга олиндим. Мен танлаган йўл нотўғри эканини, шу сабаб опам ва онамдан айрилиб қолганимни, жигарим ҳозир ҳам мусофир юртларда сарсон-саргардон юрганини суднинг қора курсисига ўтирибгина англаб етдим.

“ИШИД фитнаси” китобидан

Дўстларга тавсия этиш
2015 йил 4 декабрда эълон қилинган  948 марта кўрилган