Мўмина аёл васфида

Аёллар ҳақида жуда кўп ёзилган ва уларнинг қандай бўлиши кераклиги бу ёзувларнинг катта қисмини ташкил этади. «Аёл қандай бўлиши керак?» Энг олдин мазкур сўровга жавоб сифатида «мажзуба» деган таъриф келади. Сизни бошқа бировдан сўраш ёки луғат қараш каби машаққатлардан қутқариш учун бу сўзнинг маъносини ҳам айтақолай: «Аллоҳ таолонинг буйруқларига бутун вужуди билан итоат қиладиган». Аёлнинг ҳеч бир васфи бундан олдин келолмайди. Зотан, бу шахсий мулоҳаза эмас, Яратган Зот белгилаб берган ўлчовдир.

Юқоридаги савол ўртага қўйилганда яна бир тавсифга тўхталинади: солиҳа. Зеро, мўмин учун дунёда имондан кейин энг қимматли неъмат динининг ярми бўлган солиҳа аёлдир. Севги, итоат ва садоқат унга хос. Ҳадиси шарифда айтилганидек: «Мўмин банда Аллоҳга бўлган имондан сўнг эришган энг яхши нарса солиҳа хотин бўлиб, унга амр берса итоат этади, қараса севинтиради...» Ҳар борада мўмина аёлларга ўрнак бўлган Оиша онамиз (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг барча орзу ва истакларини ўрнига келтирганлари, нозик тушунганлари учун ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.)­нинг: «Сен ғуробул аъсамсан (яъни, сен жуда ноёбсан, сенга ўхшаганини топиш маҳол маъносида)», деган илтифотларига сазовор бўлганлар.

Кўпинча солиҳа аёл таърифланаркан, эрига ҳар томонлама муносиб бўлган рафиқа тушунилади. Бунда оила бошлиғининг ҳаёт тарзи, дунёқарашига мос тушган, бу бораларда унга бўйсунадиган ҳар бир хотин солиҳа аёлни ифода қилади. Бир қарашда, ушбу мулоҳаза тўғрига ўхшайди. Лекин бу ерда эътибор бериш керак бўлган нуқта шуки, эрнинг эътиқоди, ҳаёт тарзи, хоҳиш-истаклари Яратганнинг ўлчовларига тўғри келадими-йўқми? Агар жавоб «йўқ» бўлса, бундай эрга бўйсунган, кўниккан аёлга солиҳа таърифи ярашадими? Ахир, Пайғамбар (а.с.) умр йўлдошига ҳам дунё, ҳам охират ишларида кўмакчи бўлгани учун «Аллоҳ кимга солиҳа бир турмуш ўртоғи насиб қилган бўлса, динининг ярмида унга ёрдам берибди, қолган ярми хусусида Аллоҳдан қўрқсин (тақво қилсин)!» дея солиҳа аёлни эри динининг ярмига тенгламадиларми?

Яъни, тоат деганда кўр-кўрона бўйсунишнигина тушунмаган, эрининг ҳақ буйруқларига бош эгиб, вақти келганда уни нотўғри йўлдан қайтара билган, бироқ шу йўл билан оилага бошлиқ бўлиб олишни мақсад қилмаган аёл чин солиҳа, мўминадир.

Ҳар қандай безак ҳам қалб гўзаллиги, маънавий чирой олдида ҳечлигини билган хотин эри, фарзандлари, бутун оиласи учун хонадонини ҳузур ва саодат масканига айлантиради.

Манзура Жўрақул қизи

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 11 июнда эълон қилинган  2782 марта кўрилган