Тўртликлар

Турфа нақшлардан музайян олам,

Ҳар рангки, ҳайратда кўз ҳам, ақл ҳам.

Афсус! Нақшларга бўлиб маҳлиё,

Наққошни танимай ўтади одам.

* * *

Кеча уришганлар ярашиб бугун,

Дўстликнинг узилган риштаси бутун.

Лекин аввалгига ўхшамади у,

Уланган жойида қолди бир тугун.

* * *

        Дунёнинг ишлари мисли акс садо,

Десанг: «бермай-олурман» сўзинг хато.

Умид қилма, ҳаёт кулиб боқишин,

То ҳаётга қилмай табассум ато.

* * *

«Итлар ҳурар, карвон ўтар» дейдилар,

Улар ичра бор қопағон, дайдилар.

Ёмон экан занжирни узган итлар,

Тишлаб, этинг узиб олиб ейдилар.

* * *

Не ёмон ғийбату «миш-миш»лаш ёмон,

Дўстни дўстга қарши киш-кишлаш ёмон.

Бундан ёмонин айтсам: ўз рақибинг –

Ўзганинг тиши билан тишлаш ёмон!

* * *

Бўйинга минмакдир гўдаклар иши,

Муқаррар сўнг ўзи юриб кетиши.

Елкадан тушмаса каттайганда ҳам,

Бу «юк»ни тортишга ожиздир киши.

* * *

Нима ёмон – ғафлат ёмон, огоҳ бўл,

Огоҳсан – юрт хавфдан омон, гоҳ бўл.

Ёвуз қўлда гул узатса, борма яқин,

Қўлтиғида ханжар ниҳон, огоҳ бўл!

Фозил Зоҳид

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: