Тарози

Тонгда айвонингга чиқасан яйраб,

Тарбият қиласан жисму жонингни.

Тинчлик деган бир қуш тепангда сайраб,

Қўриқлаб туради хонадонингни.

 

Ҳолбуки, эллар бор, қирқ йилдан буён,

Мотам либосини ечган эмасдир.

Ҳар зум фалокатга маҳкумдир инсон,

Тинчлик деган сўз ҳам, демак, абасдир.

 

Ювиниб, тараниб жўнайсан ишга,

Кундалик юмушни ўйлайсан фақат.

Ўрганиб қолгансан сокин турмушга,

Ёнингдан оқади осойишта вақт.

 

Ҳолбуки, дунёда шундай жойлар бор,

Текшириб кўради пайпоғинггача.

Кимлигинг сўрайди такрор ва такрор,

Сўрайди етти пушт-аймоғинггача.

 

Бу ҳолнинг тагига етганлар борми,

Дарё ҳам ёндошдир саҳролар билан.

Нафратда яшайди дунёнинг ярми,

Ярми эса яшар дуолар билан.

Абдулла Орипов,

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: