Қуръон ўқи

Одам ўғли, гар ўзингга икки жаҳон

Дорул-амон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

Тирик жонинг нафас олган ҳар бир замон

Нурли замон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

 

Қуръон ўқи, аммо буюк ихлос билан,

Ирфон билан, тафсир билан, устоз билан,

Амал қилиб чин дил билан, эҳсос билан,

Олам бўстон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

 

Қуръон нурдир, замирингни ёритгайдир,

Раҳмат, шифо: дардларингни аритгайдир,

Раббим Аллоҳ Ўзин гўзал танитгайдир,

Умрим ирфон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

 

Илк рисолат титроқлари Қуръон эди,

Саҳобалар тутмоқлари Қуръон эди,

Расулуллоҳ ахлоқлари Қуръон эди,

Хулқим Қуръон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

 

Ҳалол-ҳаром, ҳақ ва ботил унда аён,

Ваъда-ваъид – хабарлардир яхши-ёмон,

Икки жаҳон фарқин равон этмиш баён,

Қалбим фурқон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

 

Қиёмат кун жонлар қаттиқ титраганда,

Имонсизлар нажот топмай қақшаганда,

Имон аҳли қўрғон ичра яшнаганда,

Теграм қўрғон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

 

Эй оламга кўнгли очиқ манзурларим,

Дарду ғами раҳматларга арзирларим,

Дунём обод, ҳам охират манзилларим

Равҳу райҳон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

 

Кимки Қуръон ўқувчидир, азоб бўлмас,

Яна Қуръон ўргатганга ҳисоб бўлмас,

Маъно билган зотга парда-ҳижоб бўлмас,

Васли аён бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

 

Ўтди неча Ҳақ каломин хўрлаганлар,

Қуръон истаб, оҳи кўкка ўрлаганлар,

Эй сиз, мудҳиш зулмларни кўрмаганлар,

Юртим омон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

 

Қуръон, ҳикмат Ҳақнинг фазлу атосидир,

Каъба бунёд этган Халил дуосидир,

То қиёмат Ҳақ Расулин нидосидир

Имон омон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

 

Мирзо, беш кун бу дунёнинг заҳмати бор,

Раббим Аллоҳ, шафоатгўй Аҳмади бор,

Баски, Ҳақнинг ғазаби ҳам раҳмати бор

Маъвом ризвон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.

 

Мирзо Кенжабек

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: