Муножот

Ё Раб, гуноҳим беадад, ман йиғламай, ким йиғласун?

Қилган ишим бориси бад, ман йиғламай, ким йиғласун?

Нафсим учун оввораман, амринг тутолмай бораман,

Даргоҳинга юз қораман, ман йиғламай, ким йиғласун?

Умрим бўйи юрдим саёқ, бўлғай гувоҳим қўл-оёқ,

Гар урсалар ўтлиғ таёқ, ман йиғламай, ким йиғласун?

Жон олгучи келса агар, шайтон солур юз шўру шар,

Ҳифз этмасанг Ўзинг магар, ман йиғламай, ким йиғласун?

Ёрон таним гўрга тиқар, раҳм этмасанг гар ер сиқар,

Бир кун яна гўрдан чиқар, ман йиғламай, ким йиғласун?

Мункар-Накир кирса шитоб, “Дининг на?” деб қилса хитоб,

Беролмасам тўғри жавоб, ман йиғламай, ким йиғласун?

Олдимда кўпдир тоғлар, йўллар узоқ тайғоқлар,

Бир-бирга боқмас чоғлар, ман йиғламай, ким йиғласун?

Маҳшаргоҳда эллик минг йил музтар бўлиб тургайлар эл,

Ё Раб, Ўзинг қилгил енгил, ман йиғламай, ким йиғласун?

Боқмас ато ўғлига ҳам, ҳар кимни ўз бошида ғам,

Гар қилмасанг Ўзинг карам, ман йиғламай, ким йиғласун?

Дерлар ҳама “Во ҳасрато!” Нуҳу Халил, Одам ато,

Ҳазрат дегай “Во уммато!” ман йиғламай, ким йиғласун?

Ул кун манга ул ҳазратим, солса назар хуш давлатим,

Йўқ деса сандек умматим, ман йиғламай, ким йиғласун?

Ул кунда эл икки фариқ бўлгай, анга икки тариқ,

Қай бириман, билмам аниқ, ман йиғламай, ким йиғласун?

Ул кун таниғлик журм эли, пешонасидин белгили,

Бўйнига боғларлар ғули, ман йиғламай, ким йиғласун?

Ё Раб, Лузумий ёрлиғ, Сандин тилар ғамхорлиғ,

Гар қилмасанг Ғаффорлиғ, ман йиғламай, ким йиғласун!

 

Абдулҳамид Лузумий

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: