Ассалом, моҳи муборак!

Ассалом, эй моҳи олий қадру қиймат, ассалом,
Ассалом, эй манбаи жуду каромат, ассалом,
Ассалом, эй боиси хайру саховат, ассалом,
Ассалом, эй моҳи пурлутфу латофат, ассалом,
Бизни шод эттинг келиб, эй моҳи баҳжат, ассалом!
 
Интизор эрдук йўлингда, эй маҳи раҳматнамо,
Хуш келибсан, хоки пойинг дийдам узра тўтиё,
Сен эрурсан кулли умматга мероси Мустафо,
Ҳурматингдин осийларни мағфират айлар Худо,
Сен келиб оламни қилдинг ғарқи раҳмат, ассалом!
 
Келганингдин шукри лиллаҳ, шод бўлди хосу ом,
Масжид ичра бўлди мўминлар ҳама соҳиб қиём,
Ҳам хузуъу, ҳам хушуъу, ҳам қилиб хатми Калом,
Неъмати бисёрни ийсор этарлар вақти шом,
Қайси маҳда бор мунча хайру баркат ассалом!
 
Аввалинг раҳмат эрур бешак, миёнинг мағфират,
Охиринг озоди дўзах, фарзи аввалдур ният,
Қайсига ҳосил ўлибди мунча қурбу макрамат,
Мақдаминг кўз узра, эй моҳи саодат, ассалом!
 
Бордур саккиз эшик жаннатга доим барқарор,
Биридур Райёну ёқутдин шуъои бешумор,
Ким ҳадис айди бу дарга Аҳмади Рафраф сувор,
Бул эрур маҳшар куни махсус боби рўзадор,
Эй маҳи хайрияти рўзи қиёмат, ассалом!
 
Ё Расулаллоҳ, эрурсан Ҳашрда соҳиб ривож,
Маснадинг тахти шафоат, нурдин бошингда тож,
Шири шафқат бирла уммат дардига қилсанг илож,
Чашми «Мозоғ ал-басар»ни жониби Мухлисга оч,
Қилмағил рад ман десам вақти шафоат, ассалом!
 
Мухлис Намангоний

,

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: