Йўловчи Муҳим

Шаҳарлараро автобус бекатига яқин минорадан шом азони эшитилди. Абдуллоҳ рўзасини очиб, автобуснинг орқа эшигидан чиқди. Қўлидаги кичкина сумкани орқа ўриндиққа қўйиб, пастга тушди. Жомадонларни юкхонага жойлаётган ҳайдовчи ёрдамчиси – ўрта бўйли, сабза мўйлабли йигит томон юрди. Бирпас тараддудланиб туриб қолди. Аммо сўраб кўришдан бошқа чораси йўқ эди.

– Узр, – деди тортиниброқ.

– Лаббай, – ёрдамчи унга юзланди.

– Автобусни беш дақиқа тўхтатиб туроласанми, шом намозини ўқиб келсам дегандим.

Ёрдамчи Абдуллоҳга бошдан-оёқ разм солди. Сўнг:

– Ҳозироқ жўнаймиз, ака, – деди қўлларини устига артаркан. – Вақт бўлди, кутолмаймиз.

– Беш дақиқада келаман, ахир!

– Йўлда ўқирсиз.

– Вақти жуда қисқа бўлади. Ҳозир улгурмасам…

– Узр, ака!

Ёрдамчига қолса, беш дақиқа кутишнинг ҳечам зиёни йўқ эди. Аксинча, бир-иккита бўш қолган ўринни ҳам тўлдириб оларди. Лекин, иложи йўқ, деб қўйди. Сўзидан қайтгиси келмади. Бунинг устига ишга янги келгани учун ҳайдовчининг феълини ҳам яхши билмайди. Танимаган кишиси учун танбеҳ эшитиб қолиши мумкин.

– Икки дақиқа кечроқ жўнасак, нима қилади? – Абдуллоҳ ёлворишга тушди.

– Нима гап, нега тортишяпсан? – ён томондан дағал овоз эшитилди. Иккови ҳам овоз келган томонга қаради. Қорачадан келган, қорни кўйлагини йиртгудай осилган, қалин мўйловли, ўрта ёшлардаги бир киши улар томон келарди. Ёрдамчи бошлиғини кўриб сергакланди:

– Бу йўловчи намоз учун беш дақиқа сўраяпти.

– Шуям муаммоми? Борсин, ўқиб келсин, – дея ҳайдовчи Абдуллоҳга юзланди. – Қани, ҳамшаҳар, тезда ўқиб қайт, бизни ҳам дуо қил. Кутиб турамиз.

Абдуллоҳ севиниб кетди. У қайтгач, автобус қўзғалди. Ўрнига ўтирар экан, ҳамма жойи ҳорғинликдан сирқирарди. Улов автобекатдан чиққанда атрофни қоронғулик қоплаган эди.

Ҳайдовчи пештоқдаги ойнадан йўловчиларни кузатди. Кимдир газета ўқир, бошқаси ўриндиғини ётқизиб, ухлашга ҳозирлик кўрарди. У икки кундан буён тузук ухлаёлмаган, кеча тунда ҳам йўлда бўлгани учун жуда чарчаган эди. Ҳорғинликни қувсин учун радио қулоғини буради…

Абдуллоҳ эса орқа ўриндиқларни ҳеч ёқтирмасди. Бунинг устига икки семиз кишининг ўртасида сиқилиб қолган, оёқларини узатолмас, асабийлашарди. У бу ерга тижорат учун келган, энди уйига қайтаётганди. Кундузи роса юриб чарчаган, аммо онаси, рафиқаси ва ширинтой ўғли Усмондан айро қолишга сабри чидамай йўлга отланганди.

Онаси у ҳар гал сафарга отланганида дуо қиларкан, “Мусофирман, дея намозингни ташлаб қўйма”, деб тайинларди. Отаси ўлганидан буён барча савдо ишлари унинг зиммасига тушган, ишни бошлаганига унча кўп бўлмагани учун ҳам қийналаётганди.

У уйқусизликдан қизарган кўзларини ёрдамчига тикди. Орқа ойна билан ўриндиқлар орасидаги ёрдамчининг жойига ишора қилиб:

– Шу жойда бироз мизғиб олсам, майлими? – деди.

Рад жавобини кутганди, аммо ёрдамчи унга жилмайиб қаради:

– Ўтинг, ака, бемалол.

Абдуллоҳ раҳмат айтиб, орқага ўтди. Костюмини ечиб, ёстиқ қилди. Ўта толиққанидан тезда ухлаб қолди.

Автобус тепаликларга тирмашиб чиқаркан, овози шамолда кеча сукунатига қоришиб кетарди. Ҳайдовчининг кўзлари уйқусизликдан тез-тез юмилар, боши олдинга эгилиб кетарди. Йўловчиларнинг аксарияти ухлагани учун унинг бу ҳолидан бехабар эди. Энди улов тоғ йўлига ўрлай бошлади.

Абдуллоҳ уйқу асносида у ёқдан-бу ёққа ағдарилар экан, оёғи ҳайдовчи билан ёрдамчи ўртасидаги алоқани таъминловчи тугмага тегиб кетди. Қўнғироқ товушидан чўчиб кетган ҳайдовчи тормозни қаттиқ босиб юборди. Катта автобус қаттиқ силкиниб тўхтади. Йўловчилар саросима билан уйғонди. Энди кўзи илинган ёрдамчи ҳам нима бўлганига ҳайрон эди. Орқа ўриндиққа зарб билан урилган Абдуллоҳ аччиқланиб кўзларини очди. Ҳайдовчи ёрдамчидан сув сўради. Қўл тормозини тортиб, юзини ювиб олиш учун пастга тушдию бақрайиб қолди. Автобус тик жарлик томон бурилган ва бир қадам берида тўхтаган эди. Ҳайдовчи ўзига келгач, ҳаяжондан ёрдамчига бақириб юборди:

– Қўнғироқни ким босди?!

– Оқшом намоз учун беш дақиқа изн сўраган киши мендан илтимос қилиб, орқага ўтиб ётганди. Кечиринг…

Ҳайдовчининг эса ҳаяжони босилмас:

– Бу мўъжиза, мўъжиза! – дея такрорларди.

Абдуллоҳ бу воқеадан хабарсиз, сумкасидан саҳарлик учун олган егуликларини чиқараётганди…

Абдулатиф Абдуллаев тайёрлади.

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: