Худо хоҳласа…

Бугун Алижон холаси билан боққа бормоқчийди. Аммо холаси касал бўп қолибди. Шунинг учун ҳозир ойиси билан беморни кўргани кетишяпти.

Маҳалла бошига етганда, ойисининг дугонаси – Салима опани учратиб қолишди.

– Она-ўғил қаерга отландинглар?

– Холам касал бўп қолдилар, кўргани кетяпмиз, – онасидан олдин жавоб берди Алижон. Салима опа боланинг сочларини силади:

– Айланиб кетай, катта йигит бўлиб, касал кўргани кетяпман, дегин? Менданам салом айтиб қўй!

Алижон: «Хўп», деди. Икки дугона бир пас гаплашгач, хайрлашишди. Аммо ҳали бир-икки қадам ташламасларидан орқаларидан Салима опа чақириб қолди:

– Муҳаррам, кейинги ҳафтанинг чоршанбасида йиғинимиз бор. Бизникига келасиз, хўпми?

– Худо хоҳласа…

– Йўқ, сиз аниқ келаман денг, кўнглим хотиржам бўлсин!

Онаси кулимсираб: «Хўп-хўп, насиб бўлса», деб қўйди. Алижон ҳайрон бўлиб сўради:

– Ойи, сиз Салима холамни ёмон кўрасизми?

– Йўқ.

– Унда нега йиғинларига боргингиз келмаяпти?

– Нега унақа деяпсан?

– Ўзингиз «хўп, албатта келаман», демадингиз-ку! «Худо хоҳласа», дедингиз.

– Ўғлим, ҳамма нарса ҳам Худонинг хоҳиши билан бўлади. Биз қанчалик истасак ҳам, насиб қилмаган бўлса, у иш ҳеч қачон амалга ошмайди. Масалан, бугун холанг билан қаерга бормоқчийдинглар?

– Боққа.

– Холанг нима деганди?

– Эрталабда тайёр бўлиб тур, ухлаб қолма, ўзим олиб кетаман, дегандилар. Аммо касал бўлиб қолдилар…

– Шунақа, ўғлим. Олдинда бизни нима кутаётганини билмаймиз. Шунинг учун ҳам бировга бирор нарсани ваъда қилишдан олдин, ўйлашимиз керак. Худо хоҳласа, насиб қилса, деб гапирганимиз яхши. Масалан, холанг ҳам сенга сўз бераётиб «Худо хоҳласа» деганида эди, ҳозир олдингда хижолат чекмаётган бўларди…

Алижон ўйланиб қолди. Кеча ўртоқларига мақтаниб қўйганди, энди уларнинг олдида уялади. Ростдан, холаси ҳам, Алижон ҳам насиб қилса, деганидами!.. Ҳозир боғда юрган бўлишармиди…

Уйга кирибоқ, Алижон югуриб бориб, каравотда ётган холасининг бўйнидан қучоқлади. Холаси ҳам унинг юз-кўзидан ўпаркан, деди:

– Мендан хафа бўлмадингми? Сенга сўз бериб қўйиб бажаролмадим. Аммо, тузалишим биланоқ ваъдамни бажараман, хўпми?

Алижон онасининг йўлда айтганларини эслади ва бийронлик билан деди:

– Худо хоҳласа, холажон…

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: