Тоза бўлган сават

Набира ҳар тонг уйғонганида бобосининг хонтахта олдида Қуръон ўқиб ўтирганини кўрар ва секин бориб ёнига чўккаларди-да, қулоқ соларди. Бола бобосига ўхшашни жуда-жуда истар, шунинг учун ҳам секин-аста Қуръон ўқишни ўргана бошлади. Бир куни набира сўради: "Бобо, мен фақатгина сизга тақлид қилиб Қуръон ўқийман, аммо бирор маъно тушунмайман. Нимадир англасам ҳам, китобни ёпишим билан ёдимдан чиқади. Бундай ўқишдан нима фойда?.."

Бобо саватдаги кўмирни печкага солиб, набирасини ёнига чақирди: "Мана бу кўмир саватда сув олиб кел", деб дарёга жўнатди. Набира бобоси айтгандек қилди, аммо бир қадам юрмасидан ҳамма сув саватдан оқиб кетди. Бобоси кулиб: "Бу сафар тезроқ югуришингга тўғри келади", деди ва болани қайта дарёга юборди. Лекин яна аввалги ҳолат қайтарилди. Шундан кейин бола бобосига саватда сув олиб келиш мушкуллигини айтди ва қўлига челак олди. Бобо эса: "Менга бир челак эмас, бир сават сув керак, сен етарлича ҳаракат қилмаяпсан", деди ва набирасини кузатгани ташқарига чиқди. Бола қанчалик уринмасин саватда сув турмаслигини бобосига кўрсатгиси келди. Саватни яна дарёга ташлади ва уни олиб бор кучи билан югурди. Аммо бобосининг олдига етганида сават бўм-бўш эди. Болакай ҳансираганича: "Бобо, қанча уринмай, барибир, фойдасиз!" – деди.

– Сен айтганчалик фойдасиз эмас, саватга яхшилаб разм сол-чи!

Бола қаради – кўмир солинадиган кир, эски саватнинг ичи-ю таши топ-тоза бўлган эди. Шунда бобо набирасининг бошини силаб, изоҳ берди:

– Болажоним, Қуръон ўқиганингда ҳам шундай ҳол юз беради. Сен ҳеч нарса тушунмаслигинг ёки эслолмаслигинг мумкин, лекин ўқиганинг сари ташқи-ю ички дунёнг ўзгаради, покланади. Бу ҳам биз бандаларига Аллоҳ таолонинг меҳрибонлигидан, ўғлим…

Дилафрўз Салоҳиддин қизи тайёрлади

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: