Томсувоқ

Қишлоқда куз палласи томсувоқ қилиш удуми бўларди. Унинг ёзилмаган қоидаси бор. Биринчидан, ҳеч ким томини ёлғиз ўзи сувамайди: ҳамма ҳашарга келади. Иккинчидан: бева-бечора, қўли қисқа хонадоннинг уйи энг аввал томсувоқ қилинади, кейин, навбатма-навбат давом этаверади…

Ўқитувчимизнинг ҳашарига айниқса кўп одам йиғилди. Уйи катта йўл ёқасида эди. Шундоқ кўча четидан лойҳандақ қазилган экан. Сомон, катта йўлнинг кўпчиб ётган тупроғига қовушиб, обдон юмшабди. Ўқитувчимизнинг Азим ака деган қўшниси ишбоши бўлди. Биров ҳандаққа тушиб, лой собериб турди, биров пақирлаб лой ташийди, яна биров томда туриб, илгак билан тортиб олади, бошқаси ҳафсала билан сувайди…

Эрта пешиндаёқ ҳамма ишни қойил қилиб ташладик. Ҳовли ўртасидаги тут тагида овқатланиб ўтирсак, ўқитувчимизнинг кекса онаси келиб қолди (кейин эшитсак, бир ҳафта аввал кўзи ёриган қизиникига кетган экан).

Кампир ҳассасини дўқиллатиб, тўппа-тўғри ўқитувчимизнинг олдига борди.

– Нима қилдинг? – деди ўғлининг саломига алик ҳам олмай. – Нима иш қилиб қўйдинг?!

Ҳаммамиз ҳайрон бўлиб қолдик. Муаллим ўқувчиларининг олдида айниқса мулзам бўлди, шекилли, қизариб кетди.

– Нима қипман, ойи? – деди кўзларини пирпиратиб.

– Дард! – кампир ҳассаси билан ерни нуқиди. – Санга қачон ақл киради, нодон бола!

Кейин Азим акага юзланди:

– Бу-ку аҳмоқлик қилишга қипти, сиз қаёқда эдингиз? Нега кўчадан лой қилдиларинг? Кўчанинг тупроғига тегиб бўладими, нобакор! Кўпчиликнинг ҳақи-ку бу!

Бир зум ҳарсиллаб турди-да, тўсатдан йиғлаб юборди:

– Ман юртнинг ҳақига сувалган том тагида турмайман!

Шундай деди-ю, супа лабига бориб, терс ўтириб олди…

…Ҳаммамиз қайтадан томга чиқдик… Сувоқ қилишдан кўра лойни кўчириш қийин бўларкан. Битта қолдирмай, қиртишлаб, томдан туширдик. Пақирлаб ташиб, кўчадаги лойҳандақни тўлдириб қўйдик…

…Орадан йиллар ўтиб, кампир кўз юмганида тумонат одам уни ўша кўчадан сўнгги манзилга кўтариб борди…

Кўча тупроғи илиқ эди… Майин эди…

Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар”идан

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: