Тўлли эсингиздами, ҳамқишлоқ?

Ҳаётда беозор ва безарар яшаб ўтувчи баъзи одамлар бўлади. “Баъзи” деганимизнинг сабаби шуки, улар аслида ҳам камёб инсонлардир. Одатда, уларни кўпчилик сезмайди. Ёки, сезганда ҳам, кўзга илмайди.

Қўшни Мучун қишлоғида Тўлли исмли эси сал ғалатироқ йигит бўлгич эди. Асл исми Тўлқинми ёки Тўланмиди, буни ҳеч ким билмайди. Гапириши бироз ғалати: узиб-узиб, қайтариб-қайтариб, лекин ўта содда-содда гапларни сўзлагич эди. Эгнида доимо кимнингдир ҳарбийдан кийиб қайтган, кўҳналигидан ранги ўчиб кетган кийими, оёғида қуйма калиш ёки эски кирза этик бўларди. Қишда ғози ўчган аскарий телпак ва шинели Тўллибойнинг савлатини “кўз-кўз” қиларди. Ана шу далли-ғулли, беозор Тўлли, ишонасизми, қишлоққа ўзгача файз киритиб юрар эди. Доимо кўнгли чоғ бўларди. Учраган одамга нималарнидир хурсанд бўлиб гапира-гапира, такрорлай-такрорлай ўтиб кетар эди. Шунда ўша одамнинг дили ёришар, кўнгли юмшар, ҳар ҳолда, кишида қандайдир ижобий ҳолат юз берарди. Тўлли баъзан қишлоқдаги ўзининг кўнгли тортган хонадонларга ҳеч тортинмасдан кириб келаверарди.

Тўлли қишлоқдаги ҳар қандай тўй-маъракаларда астойдил хизмат қилар эди. Одамлар унинг хоҳиши ёки вақти бор-йўқлигини сўраб ўтирмасдан иш буюришарди: “Тўлли, самоварни ёқ!”, “Тўлли, манави ўтинни ёр!”, Тўлли тонг саҳардан то кечгача беминнат хизматда эди. Эвазига ҳеч нарса сўрамасди. Баъзан Тўллининг аза бўлаётган хонадонларга кириб, дабдурустдан телбавор бўзлаб-бўзлаб йиғлаганини кўрганман. Дўконга ун келса, ёки шунга ўхшаш хабарларни одамлар кўпинча биринчи бўлиб Тўллидан эшитишарди. Тўлли қишлоқ болаларига қўшилиб лалмида қўй-мол боққани чиқарди. Шунда болаларга Худо берди, деяверинг. Ҳатто болаларнинг энг кичиги ҳам йигит бўлиб, соқоли ўсиб қолган Тўллига буйруқ берарди: “Тўлли, югур қўйларни қайтар!”

Тўллининг бир акаси, опа-сингиллари бўлиб, улар бинойидек ақл-ҳушли эдилар. Лекин ўша акаси негадир Тўллини тез-тез калтаклаб турарди. Тўлли йигит ёшига етиб, куч-қувватга тўлган бўлса-да, ўзини ранжитганларга сира қўл кўтармасди. Умуман, унда “хафа бўлиш” деган тушунчанинг ўзи йўқ эди, назаримда. Афсуски, акасининг ана шундай калтаклари сабаб бўлдими, хуллас, бир куни Тўлли қишлоқдан бутунлай бош олиб чиқиб кетди. Унга қўшилиб қишлоқдан файз ҳам кетди, десам ҳамқишлоқлар кўнглидаги гапни айтган бўларман, балки. Энди лалмидаги қўйларни боқадиган, тўй-маъракаларда беминнат хизмат қиладиган Тўлли йўқ. Унинг қишлоқни тарк этганига кўп йиллар бўлди. Қишлоқ ёшларининг кейинги авлоди Тўллини танимайди.

Бошқаларни билмадим-у, шу тобда мен беғубор, бола табиат Тўллини жуда соғиндим. Тўллида ҳавас қилса бўладиган ижобий хислат бисёр эди. Тўлли ҳеч қачон бировнинг устидан ғийбат қилмасди. У ҳеч қачон одамлар билан нималарнидир талашиб, ғижиллашмасди. Адоват, гина, кек, ҳасад, ғазаб … каби кўпгина одамларга хос сон-саноқсиз иллатлардан холи эди. Ҳаётдаги турфа савдолардан чарчаган кезларингда Тўлли билан гаплашсанг, кўнглинг равшан тортарди. Албатта, бу билан “Тўлли авлиё эди”, демоқчи эмасман. Тўлли бу, Тўлли эди-да! Назаримда, бир ками ҳеч тўлмаган бу дунёда кўнгли тўлган, ёлғончи дунёга ҳеч кўнгил бермаган… валломат эди у! Ахир, бу Дунё ғамида елиб-югурмаслик, умрини одамларга беминнат хизматда ўтказиш, доимо кулиб, хурсанд бўлиб яшаш, ҳеч кимдан хафа бўлмаслик… – ишонаверинг, ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди-да!

Эҳ, айтаверсам, гап кўп!

Бахтиёр Ҳайдаров

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: