Сўнгги сўз

Энг аввало водий қишлоқларидан бирида содир бўлган воқеа­ни келтириб ўтай. Қўшни бола бизникига ҳовлиқиб кириб бобосининг аҳволи оғирлашганини, уйда ҳеч ким йўқлигини айтди. Ортидан югурдим. Кирсам, тўқсонга яқинлашиб қолган Қурбон ота кўзини шифтга қадаб, оғир нафас олиб ётибди. У кўпдан буён бемор: бир қўл-оёғи шол, қон босими баланд, юраги хаста эди. «Дўхтир чақирайми?» – деб сўрадим. У соғ қўлини мажолсиз силтади. Беморнинг ранги ҳар қачонгидан оқарган, кўзларидан нур кетган. Аҳволни тушуниб, имон калималарини айта бошладим. У эса парво қилмай, ютоқиб нафас олар, тинмай «бемеҳр», «ноқобил» ўғилларини қарғар эди.

Қурбон отанинг бадфеъллиги, тошбағирлиги, оғзи шалоқлиги туфайли фарзандларининг кириб-чиқиши камайгани тўғри. Умр бўйи гоҳ мол бозорида даллол, гоҳ қассобчилик қилган Қурбон ота қариганида ҳам ўнгланмади. Пешонаси сажда кўрмади. Аллоҳни фақат бошига мусибат тушгандагина эслади. Ҳозир ҳам кўз ўнгимда жон таслим қиларкан, оғзидан чиққан охирги сўзи «кўрнамаклар, аблаҳлар» деган калималар бўлди…

Иккинчи воқеа эса бундай: шаҳар кўчаларининг бирида автомобил фалокати рўй берди. Ёшгина ҳайдовчи йигит йўл четидаги бетон устунга бориб урилибди. Йўловчилар дарров ёрдамга шошилишди. Қисиб қолган рул орасидан бемажол танани аранг суғуриб олишди. Нималардир деб пичирлаётган ҳайдовчини ерга ётқизишлари билан жони узилди. Унинг сўнгги сўзи магнитофондан таралаётган ашуланинг «Қайлардасан, санамгинам?» деган жумлалари бўлди…

Юқоридаги воқеалардан хулоса битта: бу дунёда барчамиз меҳмонмиз. Ҳеч кимга: «Сен фалон куни, фалон ҳолатда ўласан», деб ҳужжат берилмаган. Ҳеч ким бошқа оламга қандай кетишини аввалдан билмайди. Шундай экан, ўлим соати яқинлашганида тилларимиз шаҳодат калимасини айтиб турмоғи учун бу дунёда Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлмоғимиз лозим. Акс ҳолда, умримиз юқоридаги воқеалар каби хотималаниб қолиши мумкин, Аллоҳ сақласин.

 

Аҳмад Муҳаммад Турсун

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: