Шундоқ ҳам бахтлиман

Катта шаҳар ва тижорат оламининг шовқин-суронли ҳаётидан чарчаган машҳур саноатчилардан бири бу галги таътил учун соҳил бўйидаги кичкина, тинч ва серфайз қишлоқни танлади. Тонгда сайр қилиб юраркан, қўшиқ айтганча ичида саноқлигина балиқлар бўлган кичкина қайиғини соҳилга чиқаришга уринаётган балиқчини кўрди. Саломлашиб, «Ов бароридан келмапти-да», деб луқма ташлади. «Кўпроқ тутишим мумкин эди, – табассум қилди балиқчи, – аммо кўп вақт кетади-да».

– Нега унда кўпроқ ов қила қолмадингиз? Барибир шу пайтда уйингиздаям нима қиласиз?

– Рафиқам нонушта тайёрлаб қўйган бўлади, ҳаммамиз бирга чой ичамиз. Кейин болаларим билан ўйнайман, тушликдан кейин бир оз дам оламан, уйдаги юмушларимни қиламан, сўнг қишлоғимни бир айланиб чиқаман ва оқшомни оилам даврасида ўтказаман. Кунимиз шундай ўтиб турибди, – жавоб берди балиқчи.

Саноатчи киноя билан деди:

– Ҳаёт шунчаки кун ўтказиш учунгина берилмаган. Бундан бошқа нарсалар ҳам бор.

Балиқчи ҳайрон бўлди: «Нима бор?»

– Бойлик бор, роҳатда яшаш бахти бор. Бунга эришишингиз учун сизга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрман. Маслаҳатим, кўп вақтингизни балиқ тутиш билан ўтказишингиз ва янги катта қайиқ сотиб олишингиз керак. Бора-бора қайиқларингиз сони ортади. Тутган балиқларингизни даллолга эмас, тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчига сотасиз, ниҳоят, ўзингиз ҳам ишлаб чиқарувчи завод эгасига айланасиз. Кейин катта шаҳарга кўчиб ўтасиз ва ишингизни ривожлантиришда давом этасиз.

Балиқчи сўради:

– Бунинг учун қанча вақт керак бўлади?

– Камида ўн беш-йигирма йил.

– Кейин нима қиламан?

– Ҳаётингиз яхшиланади. Катта мол-мулкка эга бўласиз. Ва ниҳоят, дам олиш вақти келади. Нафақага чиқиб, дарё соҳилидаги кичиккина қишлоққа кўчиб ўтасиз, тонгда уйғонасиз, қайиқда эрмак учун балиқ овлайсиз, кундузлари ором оласиз, қишлоғингизни кезасиз ва оилангиз билан осуда ҳаёт гаштини сурасиз, бахтли бўласиз…

Яхши маслаҳат берганига амин бўлиб турган амалдорнинг гапи тугагач, балиқчи мийиғида кулиб:

– Мен шундоқ ҳам айтганингиздай яшаяпман, – деди. – Нега ҳозир яшаётган бахтли ҳаётимни ўн беш-йигирма йил кейинга олиб қўйишим керак?!

Дилафрўз Салоҳиддин қизи,

Тошкент Ислом институти талабаси

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: