Шу тупроқдан бир парчамиз…

«…Аллоҳ таоло Одам (а.с.)ни яратишни мақсад қилганда Жаброил (а.с.)га ер юзидан бир ҳовуч тупроқ келтиришни буюрди. Ҳазрат Жаброил (а.с.) ер юзига келди, тупроқ олмоқчи бўлган эди, замин ундан олмаслигини ўтинди. Унинг илтимосини Жаброил (а.с.) рад эта олмади. Сўнгра Исрофил (а.с.), унинг кетидан Микоил (а.с.) келди. Улар ҳам ернинг ўтинчини рад эта олишмади. Аллоҳ таоло Азроил (а.с.)га буюрди. Ер у зотдан ҳам тупроқ олмаслигини сўради. Бироқ Азроил (а.с.): «Сенинг онтингдан менга Мавло таолонинг ёрлиғи азиздир», дея бир ҳовуч тупроқ олди. У зот ер юзининг сувли-сувсиз, қора-оқ, аччиқ-чучук, яшил-қизил, кўк, қаттиқ-юмшоқ, унумли-унумсиз – барча жойидан тупроқ олди…» («Қиссаси Рабғузий»).

Ватан. Унинг азизлиги, муқаддаслиги барчага аён. Бироқ нега бу қадар Ватанга талпинамиз, бунинг боиси, сир-асрори нимада?

Яқинда бир дўстим Хитойда таҳсил олиб қайтди. Юклари орасидан елим халтага ўралган бир нарсани эҳтиёткорлик билан олди. Кейин изоҳ берди:

– Бу – тупроқ, уни олиш учун Сиян шаҳридан Уйғургача бўлган қарийб уч минг чақирим масофани поездда босиб ўтдим. Қишлоғимизда 80 ёшли онахон яшайди. У болалигида Уйғур томонлардан келиб қолган. Мени Хитойда ўқишимни эшитиб, Ватанидан бир сиқим тупроқ олиб келишимни илтимос қилганди…

Нега йиллардир юрт соғинчи билан яшаётган онахон, умри поёнига яқинлаб қолганда Ватанидан бошқа нарса эмас, бир сиқим бўлса ҳам тупроқ келтиришни сўраган? Нима учун?..

«…Азроил (а.с.) ер юзининг сувли-сувсиз, қора-оқ, аччиқ-чучук, яшил-қизил, кўк, қаттиқ-юмшоқ, унумли-унумсиз – барча жойидан тупроқ олди».

Чунки жисмимиз биз юрт деб атаган қутлуғ заминнинг бир бўлаги. Эҳтимол шу боис ҳам жисмимиз Ватаннинг парчаси сифатида унга талпинаверар?..

Санжар Саидаъзам ўғли

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: