Ўғлим берган “тарбия”

Уйланганимдан уч йил ўтиб фарзанд кўрдим. Дарҳол бола тарбиясига оид китоб-рисолалар сотиб олдим, рафиқам билан ўтириб ота-онамиз бизга берган ўгит ва пандларини эслайдиган бўлдик. Бола улғаяркан, унга кундалик одоблар, ахлоқ қоидаларини ўргата бошладик. “Таомни ўнг қўлингда е…”, “Ётиб овқат ема…”, “Ўзингдан каттага салом бер…”, “Ҳожатдан сўнг албатта қўл ювилиши керак…”

Кунларнинг бирида бозордан нон сотиб олиб, уйга пиёдалаб кета бошладик. Ўша куни тушлик қилмагандим, қорним таталаб кетяпти. Уйга боришгача сабрим чидамай елимхалтада турган нонга қўл чўздим: бир бурдаси билан қоринни алдаб кетай… Қўлим нонга тегар-тегмас орқадан огоҳлантириш келди:

– Ада, нон емоқчимисиз? Қўлларингизни ювмагансиз-ку!

Дарров ҳушёр тортдим. Ҳозир нонни ушатиб олишим боламга овқат ейишдан олдин қўл ювиш кераклиги ҳақида берган тарбиямни ювиб кетишини ўйладим.

– Ҳа-я, рост айтасан, ўғлим. Қўлларим ювилмагани ёдимдан кўтарилибди. Эслатганинг учун раҳмат. Нонни уйда, қўлларни ювиб еймиз…

Аёлим билан шу ҳақда эслашиб кулишдик. Шунда онаси бир гапни айтиб қолди: “Сизнинг ҳар бир хатти-ҳаракатингиз ўғлингиз кузатуви остида. У сизга тақлид қилади. Илтимос, эҳтиёт бўлинг…”

Бунақа пайт инглизларнинг машҳур мақоли ёдга тушаверади: “Болаларингизни тарбия қилманг. Улар барибир сизга ўхшашади. Сиз ўзингизни тарбия қилинг”.

 

Ота

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: