Нима ҳам дердим?..

Қоҳира. Танишларимдан бири Қуръон китобларини тижорат мақсадида сотиб олиб, юртимизга жўнатарди. Ёрдамим керак бўлиб, қўнғироқ қилди. Йўқ, дея олмадим.

Китоб дўконларини айландик. Ниҳоят бир сотувчи билан келишиб, китобларни жойлай бошладик. Гап орасида сотувчи йигит танишим билан олдин ҳам савдолашганини эслатди. Шунда танишим дўкон эгаси ўшанда қиммат нарх айтганлиги, бошқа жойдан анчагина арзонга сотиб олганини писанда қилди. Сотувчи йигит бу гапни эшитиб таажжубланди, ишонмади. Бунга сари танишим мусулмонлиги, ёлғон гапириш гуноҳ эканлиги, Аллоҳдан қўрқишини бот-бот такрорларди.

Бир муддатдан сўнг танишим бошқа дўконга чиқиб келгач, сотувчи йигитдан илтимос қилди: "Қўшни дўкон эгаларидан бирортаси менга қандай нархда китоб сотганингизни сўраса, келишганимиздан пастроқ баҳо айтинг…" Сотувчи йигит ҳайратини яширмаган кўйи сўради:

– Ахир, бу ёлғон-ку!

Афсуски, ҳамроҳим ҳаёсизларча:

– Унда, ҳеч нима деб жавоб бермай қўя қолинг, – деди.

Айни онда сотувчи йигитнинг юзида турфа маънолар ифодаси қалқиб турардики, тинч турган сувга бирор нарса ташлаб юборилса, зоҳир бўладиган ўзгаришлар каби…

Дўкондаги ишимиз битди. Савдонинг "баракали" бўлганидан хурсанд бўлган, шеър машқ қилиб юришимдан хабар топган ҳамроҳим "менинг ҳам дардларимни бир ёзинг", деб қолди. Қалбимдан шу сўзлар кечди: "Нима ҳам деб ёзардим? Ахир, ҳар недан хабардор Зот ичу ташимиздаги, орқа-ю олдимиздагини, дардимизни, унинг давосини-да ёзиб, битиб, нозил қилиб қўйибди-ку? Сиз эса биз ҳақимиздаги барча илмлар соҳиби – Аллоҳ таолонинг: "Эй одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк иллати)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди" (Юнус, 57), деган оятлари битилган Қуръонни ўқияпсиз, ўрганяпсиз, бошқаларга-да таълим беряпсиз! Бугун бўлса, ана шу муборак Китоб савдоси устида ёлғон ҳам ишлатяпсиз.

Шундан кейин нима деб ҳам ёза олардим?.."

Ғолиб Аҳмад ўғли

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: