Меҳр-оқибатнинг умри қанча?

Ёзнинг илиқ оқшоми. Сўриток тагидаги супага жой ҳозирланди. Ҳозиргина сув сепилган ердан кўтарилаётган таниш ҳидга райҳоннинг муаттар бўйи қўшилиб кўнгилни орзиқтиради. Бу таниш бўй ёдимга болалигимиз, олдинги ҳовлимиз, бобом, бувим, амакиларим билан бирга яшаган кунларимизни эслатди… Шу онда аямнинг: «Бугун сенинг навбатинг эди-я? Овқатни сузиб, тайёрлаб қўйдим. Бобонг билан бувингга юмшоқроқ деб қаймоқли нон ёпувдим. Уни ҳам олиш эсингдан чиқмасин. Овқатни бергину изингга қайт», дейишини интиқ бўлиб кутдим. Аммо… қачонлардир мана шунақа ажойиб одатимиз борлиги дастурхон устида жам бўлган барчанинг хаёлидан кўтарилган…

У пайтлар бола эдик. Биз янги ҳовлига чиққан, катта амаким билан қўшни турсак-да, кунимиз тўрт уй наридаги бобом билан бувимнинг хонадонларида ўтарди. Ҳар куни кечки овқатнинг боши бобом ва бувимга сузиларди. Боягина ўша ердан келганимиз, бунинг устига қорнимиз очлиги боис, овқат олиб боришдан кескин бош тортардик. Шунинг учун аям бу «масъулиятли иш»ни навбатга бўлиб қўйгандилар. Гоҳида шу қадар эринардикки, катталарга – аям ва келинойимга ақл ўргатган бўлардик: «Ҳар куни иккита ҳовлидан овқат олиб бораверамизми, бир куни биз, бир куни келинойимлар киритишсин». Аям бўлса: «Бобонг билан бувинг – учала ҳовлининг каттаси. Овқатимизнинг баракаси бошини уларга сузишда. Ҳозир ёшсан, бунинг маъносини катта бўлсанг тушунасан. Қани, тезроқ ҳаракат қил, овқат совиб қолмасин» дер, биз эса амакимнинг ўғли билан икковлашиб катта ҳовлига чопардик. Аввал бобом, кейин бувим ҳар иккала косадаги овқатдан татиб кўришар, дуо қилишар, орттириб, кичкина амакимнинг болаларига ҳам илинишарди. «Келинглар, сизлар ҳам енглар, ўрталарингда меҳр-оқибат кучая­ди», дердилар бувим. Ўз ўрнида кичик келинойим ҳам бизнинг косаларимизга таом солиб берарди. Бола эканмиз-да, бу одатни ўйлаб топган одамдан хафа бўлиб-хафа бўлиб, изимизга қайтардик…

Кечки овқатни қандай едим – билмайман. Ҳамма хурсанд (ахир, анчадан бери энди йиғилдик-да), айниқса, аям қувончини яширолмас, бизни қишлоқдаги янгиликлардан бирма-бир хабардор қиларди. Мен эса… тупроқ ва райҳон ҳидидан соғинчу изтиробим ошарди. Бирдан телефон қилишим кераклиги «ёдимга тушди», фотиҳа қилиб ўрнимдан турдим. Кўнглим болалигимизни, эски ҳовлини, бобом билан бувимни қўмсарди. Орадан нари борса, ўн беш йил ўтди. Бироқ энди на бобом ва бувим, на амаким бор орамизда. Бизни безор қилган одат ҳам улар билан кетгандек гўё. Фақат айрим байрамлардагина косалар алмашинади…

Наҳот меҳр-оқибатнинг умри шунчалар қисқа? Ёки бобом ва бувимнинг кўзи учунгина оқибат қилинганмикан? Миямда адоғи йўқ саволлар айланар, қулоғим остида бувимнинг: «Бу – ораларингдаги меҳр-оқибатни мустаҳкамлайди», деган гапи жарангларди…

Башорат Тўхтасин қизи

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: