Меҳмон – атойи Худо

Ҳотамтойдан, ўзингдан ҳам сахийроқ одамни учратганмисан, деб сўрашди. Ҳотамтой:

– Ҳа, – деди.

– Қаерда кўргансан?

– Чўлда кетаётганимда узоқдан кўзимга икки хонали кўримсизгина кулба ва кулба олдига боғлаб қўйилган бир эчки кўринди. У ерга етиб борганимда от дукурини эшитиб, ичкаридан бир мўйсафид чиқди ва отдан тушишимга ёрдам қилди. Бир оздан кейин ўғли келиб очиқ чеҳра билан саломлашди. Мўйсафид унга:

– Болам, ўша эчкини сўйиб, таом тайёрла, меҳмонни зиёфат қилиш керак, – деб буюрди.

Ўғли:

– Ижозат беринг, олдин бориб, ўтин териб келай, – деди.

Мўйсафид эса:

– Сен чўлга бориб, ўтин олиб келгунингча вақт кетади. Меҳмонни оч олиб ўтириш одобдан эмас, – деб айтди.

Мўйсафиднинг иккита найзаси бор экан, уларни тиззасига уриб синдирди, эчкини сўйди ва бирпасда овқат ҳозирлаб, дастурхонга қўйди.

Уйнинг уёқ-буёғига разм солиб қарадим, бутун бор-йўғи шу найзаларгина экан, уни ҳам меҳмоннинг пойқадамига нисор қилди. Чолдан, мени таниш-танимаслигини сўрадим.

Чол:

– Йўқ, танимайман, – деб жавоб берди.

– Мен Ҳотамтой бўламан, саройимга кел, бу қилган яхшиликларинг ҳиссасини чиқарай, – деб айтдим.

Бунга жавобан чол:

– Биз меҳмондан зиёфат пули олмаймиз, – деди ва қанча уринмай мендан ҳеч қандай ҳадя қабул қилмади. Ўша мўйсафидни ўзимдан сахийроқ деб биламан.

 

“Дилкушо ҳикоялар”дан

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: