Лабиринтдан чиқиш йўли Муҳим

Устоз шогирдини тоғ этагига олиб борди. У ерда деворлари тик ва баланд лабиринт қурилганди. Томи бўлмаганидан йўлакларнинг ичига қуёш нури тушар, ёп-ёруғ эди. Уста шогирдини лабиринтга киритиб, чиқиш йўлини топишни буюрди. Шогирд йўлаклар орасида бутун кун ва тун бўйи адашиб юрди, борган сари боши берк йўлларга кирди. Ҳориб-чарчаб, мадори қолмай, йиқилди ва уйқуга кетди.

Кимдир елкасидан туртаётганини сезиб, кўзларини очди. Тепасида устози турарди:

– Ортимдан юр, – деб буюрди у.

Лабиринтдан чиқишгач, устоз тоғ томон йўл бошлади. Чўққига кўтарилгач: “Пастга қара!” деди. Улар  турган жойдан лабиринт кафтдек намоён эди.

– Бу ердан туриб чиқиш йўлини топиш осон-а?

– Албатта, – деди шогирд устозига жавобан. – Диққат билан қаралса бўлгани.

– Қани, чиқиш йўлини топ-да, эсингда сақлаб қол.

Тоғдан тушишгач, шогирд лабиринтга ишонч билан қадам қўйди ва қийналмай тезда чиқиш йўлини топди. Шундан сўнг устози унга бундай насиҳат қилди:

– Вазиятдан қанча узоқлашиб, унга қанчалик тепадан қарасанг, тўғри қарор қабул қилишинг шунчалик осон бўлади.

Ориф Толиб тайёрлади.

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: