Камтарлик

Булутдан денгиз юзига тушган томчи ўз-ўзига деди:

– Бу улкан денгизнинг олдида мен йўқман десам, тўғри бўлади.

Ўзининг кичиклигини тан олиб, уялиб турган томчини садаф ўз бағрига олди. Шундай қилиб, тақдир томчини шу қадар юксалтирдики, султонларнинг тожларига лойиқ инжу бўлди. Ўзини билгани учун, шунчалик улуғликка етишди…

Бир киши мушкул масаланинг ечимини сўраб, Ҳазрат Али (к.в.)га мурожаат қилди. У киши билганларини айтдилар. Шунда ўша ерда ҳозир бўлганлардан бири эътироз билдирди:

– Эй Абул Ҳасан, сиз айтган жавоб масала ечимига унчалик мос келмайди.

Ҳазрат Али (к.в.) эътироздан заррача жаҳлланмай, юмшоқлик билан:

– Сиз яхшироқ чорасини билсангиз, айтинг, – дедилар.

Бояги киши масалани жуда чиройли ҳал қилиб берди. Жавоб ҳазрат Али (к.в.)га ҳам беҳад ёқди ва жамоатга шундай хитоб қилдилар:

– Ҳақиқатда бу киши масалага муносиб ечим берди. Мен адашибман, янглишмаслик Аллоҳ таолога хосдир!..

Шундай, замондошим, фақат ҳақни гапириш эмас, уни қабул қила билиш ҳам фазилатдир. Зотан, кишининг кўнглида «менлик» туйғуси бор экан, унинг ҳақиқатни тинглашидан умид қилманг. Бундай «менлик» эгалари илм­дан зерикади, насиҳатдан орланади. Яъни, қанча ёмғир ёғмасин, тошдан чечак унмайди.

Демак, биз ожизлигини англаш воситасида улуғликка етишган томчи каби бўлмоғимиз лозим. Зеро, ўзининг қанчалар ожизлигини тушунган банда Раббининг қудрати, қодирлигини шунчалик теран англай билади.

 

Нодира Абдураҳим қизи

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: