Идишдаги тошлар

Муаллим синф хонасига бир қўлида шиша идиш, иккинчисида эса бир халта тош кўтариб кирди. Қўлидагиларни стол устига қўйиб, ҳайрон бўлиб турган болаларга деди: "Ҳар бир ишни ўз вақти ва ўрнида, қунт билан бажариш муваффақият гаровидир. Бу сўзимиз исботи учун кичкина тажриба ўтказамиз".

Шундай дея халтадан катта-катта тошларни олиб, идишга жойлай бошлади. Бир оз ўтиб идиш тошлар билан тўлди. Ўқитувчи сўради: "Тўлдими, болажонлар?"

– Ҳааа! – дея чуғурлашди ўқувчилар.

Ўқитувчи кулимсираганча халтадаги майда тошларни ҳам банкага жойлай бошлади. Ҳар сафар тошларни банкага ташлаганида идишни чайқатар, шунда тошчалар катта тошлар ораларини тўлдириб борарди.

Муаллим яна болаларга мурожаат қилди:

– Энди тўлдими, болалар?

– Ҳа, бу сафар тўлди!

– Менимча эса ҳали тўлмади.

Муаллим шундай дея қўлларини халтага тиқди ва ҳовучлаб олган қумини ҳам банкага тўка бошлади. Сўнгра худди шу ҳаракатини яна такрорлади. Сўнг яна, кейин яна… Кейин идишни силкитган эди, қумлар ҳам тошлар орасига осонгина жойлашиб олишди.

Ўқитувчи яна сўради: "Нима дейсиз, энди тўлгандир?"

Бу машғулотдан завққа тўлган ўқувчиларнинг шўх овозлари синфда жаранглади: "Ҳааа, тўлиб кетди!"

"Мен бундай деб ўйламайман. Лекин, қани, кўрайлик-чи, ростдан ҳам тўлганмикин?"

Бу сафар муаллим стол ўртасида турган идишдаги сувни банкага қуя бошлади. Ҳаммасини қуйиб бўлгач, муаллим болаларга юзланиб, тантанавор оҳангда деди: "Мана, энди банка тўлди. Хўш, бундан қандай хулоса чиқардингиз?"

Ўқувчилардан бири сўз бошлади:

– Менимча, ишингиз қанчалик кўп бўлса ҳам, вақтингизни тўғри режалаштирсангиз, ҳаммасига улгурасиз, демоқчисиз.

– Бу жавоб ҳам тўғри, – деди ўқитувчи. – Бироқ мен сизларга тушунтирмоқчи бўлган асосий нарса, агар идишга катта тошларни биринчи солмасангиз, кейинчалик асло сиғдиролмайсиз. Шу сабабли ҳам ҳаётингизда катта тошлар қайсилар эканини аниқланг ва энг олдин ўшаларни идишга жойлаб олинг. Акс ҳолда, идишингиз қум ва сув билан тўлиб, катта тошларга жой қолмайди.

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: