Ибрат

Отамизнинг вафотидан кейин, гарчи мерос қолган уй-жойларию ашқол-дашқолларидан умидим бўлмасаям, удумга кўра, ака-ука ва опа-сингиллар мерос бўлишишга ўхшаш маъракага йиғилдик. Кенжа укамиз ўзига қолаётган нарсаларни биродарлари олдида бир чўқим ош билан ҳалоллашни дилига туккани учун уй-жой устини отамдан қолган дўппи билан беркитмоқчидек уни ўзига олди. Катта опам отамнинг эски пўстинига эга чиқди: “Енгларини қирқтирсам, қиши билан киядиган иссиқ нимча бўлади, отамни эслаб кийиб юраман! Қолганини пўстакча қиламан!” Кичик синглимиз жойнамозни сўраб олди: “Уйимнинг тўрига осиб қўяман! Шу йил хўжайиним намоз бошламоқчи!”

Ўзларича бир нималик бўлиб қолганлар менга термулишди. “Ҳеч нарсалари керак эмас, – дедим сипогарчилик билан. – Ҳамма нарсамиз бор!”

– Бизларга ҳам шу нарсалар кераклиги учунмас, отамиздан қолгани учун олаяпмиз, тентак! – деди пўстинни қучоқлаган опам.

– Тўхтанглар, – деди укам бостирмада боғлиқ турган эшак тарафга қараб. – Отамнинг эшаги бор-ку! Шуни акам ола қолсин. Далангиздан хабар олгани миниб борасиз, велосипеддан кўра яхши!

Отамдан қолган эшакни уйимизга миниб келганимда болаларим олтин топган одамдек хурсанд бўлишди-ю, бир кундан кейин унга кераксиз матодек қарашди:

– Шундоққина дардисар-ку бу! Сира тез юрай демайди, йўлда учраган нарсани бир искаб кўрмаса, жойидан жилмайди. Хашакка дардисар!

Невараларнинг бобомерос эшакка нисбатан бундай ҳурматсизликлари дилимга қаттиқ ботиб, уни доим миниб юрадиган бўлдим. Аммо болаларимнинг нолишида жон бор экан. Кейинги беш-олти йилдан бери қари отамизни миндириб юрган эшак эгасининг феъл-атворини тамом ўзлаштириб олган чиқди. Жуда секин юрар, кўчада учраган шубҳали нарсанинг олдида тўхтаб, обдон ҳидлар, кейин яна тошбақаюриш қилганча йўлида давом этарди. Булар ҳам майли-ку, йўл четида ё гузарда бир-иккита қария турган бўлса, шунча жиловидан тортсам ҳам ўшалар тарафга бурилиб, олдиларига борганда бошини экканча тўхтарди. Далага шошилаётган бўлсам ҳам, чолларнинг олдида эшакдан тушиб, улар билан кўришиш, у ёқ-бу ёқлардан гаплашиш, узоқ-узоқ насиҳатларини тинглашга мажбур бўлар эдим. Укам менга отамдан эсдалик деб, эшак эмас, шундоққина бошоғриқни берган экан. Охири, пичоқ бориб суякка тақалгач, уни сотиб нимаям барака топардим деганча, мен ҳам уни бировга, тоғам ё амакимга совға қилиб юбормоқчи бўлдим. Ахир, совға қилинган отнинг тишига қарашмайди-ю!

– Нима бўлди, эшакдан айнияпсан, бирор камчилиги бор эканми?! – деди тоғам ювошгина эшакнинг ёлларини силаб. – Ҳали яна уч-тўрт йил минса бўладиган ҳоли бор-ку!

– Ўзи жуда яхши эшак! – дедим тоғамга илинаётган эшагимдан мақтов аралаш нолиб. – Фақат жуда сустқадам! Бундан кўра велосипедимда тезроқ иш битказаман! Яна бир айби, йўлда учраган чолнинг олдига бориб, тўхтаб турволади. Иложсиз, эшакдан тушиб, улар билан ҳол-аҳвол сўрашишга мажбур бўлаяпман. Сиздай нафақага чиққан одам учун жуда боп-да бу!

– Йўқ, жиян, эшагинг ўзингга буюрсин! Поччамлар бу эшакни минволиб, кўча-кўйда учраган ўзи тенгилар билан  гаплашиб юрардилар. Эшаклари шунга ўрганиб қолган. Буни ибрати бор! Отанг ўлса, унинг дўстларидан хабар олгин, деган гапни билмайсанми?! Эшакни бировга берма, ўлгунча асраб юргин, майлими?!

Шундай қиладиган бўлдим!

Оллоёр Бегалиев

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: