Ҳикматлар сандиғидан

Шахсингизга душманлик қилганни авф этингиз. Лекин ватанингизга, миллатингизга ва динингизга душманлик қилган кишини кечирмангиз.

Али ибн Абу Толиб

 

Фақирликни Аллоҳ билан – бойлик, бойликни Аллоҳсиз – фақирлик, шарафни Аллоҳсиз – хорлик, хорликни Аллоҳ билан – шараф, неъматни Аллоҳсиз – азоб, азобни Аллоҳ билан – неъмат деб билган қалбгагина Аллоҳ ўз илоҳий футуҳотларини ато айлайди.

Ибн Қиям Жавзий

 

Жаннат эшигига уч қатор сўз ёзилган. Улардан бири: «Нима амал қилган бўлсак, топдик. Берган бўлсак, фойда олдик. Нимаики олиб қолган бўлсак, зарар қилдик».

Наззол ибн Сабра

 

Худодан қўрқиш, халққа инсоф қилиш, улуғларга хизмат, кичикларга шафқат, дарвешларга саховат, дўсту ёшларга насиҳат, душманларга юмшоқлик, жоҳилларга сукут, олимларга тавозе қилиш билан яша, бировнинг молига тамаъ кўзи билан боқма.

Луқмони Ҳаким

 

Бир кишига «Аллоҳдан қўрқ», дейилганида, у: «Сен ўзингни бил», деб жавоб қилса, шу иш Аллоҳ наздидаги катта гуноҳлардан биридир.

Абдуллоҳ ибн Масъуд

 

Агар бахт-саодат истасанг, ғурур, манманликдан йироқ бўл, ҳикматли сўзларни сокинлик билан тингла, такаббурлик, адоват, гиначиликдан ҳазар қил. Қайғу-аламлар устингга ҳужум этсалар, бу ҳужумларга ўз адабсизлигинг сабабчидир.

Жалолиддин Румий

 

Аллоҳнинг исми зикр қилинадиган уй қоронғи уйдагиларга чироқ қандай нур берса, осмон аҳлига шундай ёруғлик беради. Аллоҳнинг исми зикр қилинмайдиган уй ўз аҳлига қоронғилик қилади.

Фузайл ибн Иёз

 

Агар банда қалбида Аллоҳга муҳаббат лаззатини тотиб кўрса, Аллоҳ унга айбларини кўрсатиб қўяди ва у киши ўзгалардан айб қидирмай, фақат ўз айблари билан машғул бўлиб қолади.

Робиъа ал-Адавийя

 

Ниятларга кўра қанча-қанча ишлар улуғ бўлади, яна қанча-қанча катта ишлар ниятларга кўра арзимасга айланади.

Абдуллоҳ ибн Муборак

 

Ким ақли билан чекланса, адашади. Ким одамларга кибр қилса, хор бўлади. Ким амалга берилса, қийинчиликка дучор бўлади. Ким одамлар устидан фахрланса, синади. Ким аҳмоқлик қилса, ҳақоратланади. Ким разиллар билан суҳбатдош бўлса, тубанлашади. Ким уламолар билан ўтирса, виқорли бўлади. Ким ёмонлик кўчасига кирса, туҳматга йўлиқади. Ким динда дангасалик қилса, ўтириб қолади.

Мансур ибн Аммор

 

Ким ўзини туҳмат қилинадиган ўринда кўрсатса, унга нисбатан ёмон гумон қиладиганларни маломат этмасин.

Умар ибн Хаттоб

 

Муҳтожга ёрдам беришни эртага қолдирманг. Зеро, сизга ёки унга эртага нима бўлишини билмайсиз.

Али ибн Абу Толиб

 

Олимларга таъма, амирларга шошиш, бойларга бахиллик, камбағалларга кибр, шайхларга нодонлик, насаблиларга гина ярашмайди.

АбуЖавдар Бағдодий

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: