Ҳар не истарсан, ўзингдан истагил

Қадим замонда чўққиларидан тўрт фасл ҳам қор аримайдиган тоғ бағрида, деворлари мовийрангга бўялган уйда чўпон йигит яшарди. Оиласи билан ҳаловатда умр кечирар, ҳар куни эрталаб қўй-эчкиларини ўтлатгани кетар, оқшом қайтарди. Баъзан чўпон йигитга кунлари бир хил ўтаётгандек туюлиб, зерикар, ҳаётини ўзгартириб юборадиган ҳодиса юз беришини истарди.

Кунлар шу зайлда ўтиб борарди. Бир кеча чўпон туш кўрди. Шаҳарнинг қоқ ўртасидан ўтган дарё устидаги кўприкнинг тагига тушиб борганмиш. Ўша ерга кўмилган катта хазинани топиб олганмиш…

Олдинига эътибор бермади. Аммо, ҳар кеча такрор кўраверганидан кейин ўйланиб қолди. Ниҳоят шаҳарга бориб, ўша кўприк тагини кавлаб кўриш керак, деган қарорга келди.

Узоқ йўл босиб кўзлаган жойига етиб келди. Аммо кўприк подшоҳ саройига олиб борадиган йўл устида бўлгани учун атрофи қурол тутган аскарлар билан тўла эди. Чўпон нима қилишини билмай қолди. Тинмай кўприк устидан бориб-келар, бирор қулай имконият туғилишидан умид қиларди. Шу тахлит орадан икки ҳафта ўтди. Ниҳоят аскарлардан бири хатти-ҳаракатидан шубҳаланиб, чўпонни чақирди ва сўроқ қила бошлади:

– Неча кундан бери кўприк атрофида ўралашасан. Мақсадинг нима? Ёки қиролимизга суиқасд уюштирмоқчимисан?

Чўпон кўнглидагини очиқ-ойдин айтди. Гапини тугатар-тугатмас аскар қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди:

– Сиз тоғликлар қандай соддасизлар-а! Бўлмаса, одам кўрган тушига ишониб, шунча йўл босиб, хазина қидириб келадими?

Кейин жиддийлик билан деди:

– Э биродар, агар мен ҳам сенга ўхшаб кўрган тушларимга ишонадиган бўлсам, ҳозир йўлда кетаётган; чўққилари қор билан қопланган тоғ бағрида жойлашган, деворлари мовийрангга бўялган уйнинг боғида хазина кавлаётган бўлардим.

Чўпон ҳайрон бўлди – аскар тасвирлаган манзил унинг уйи эди. Тез ортига қайтди ва излаган хазинасини уйи ортидаги боғчадан топди. Қувончдан ҳам кўра кўнглига келган ўйдан юзига табассум ёйилди – оёғи остидаги хазинани олислардан қидириб юрган экан…

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: