Ҳар ишда бир ҳикмат бор

Ҳар галгидек ишга йўл оларканман, тонгги дуоларимни яна бир карра ёдга олдим. Бугун, Худо хоҳласа, барча ишларим амалга ошади. Анчагина кирим ҳам қиламан…

Аммо қанча уринмай, режаларимнинг ҳеч бирида илгарилаш бўлмади. Уйга қайтаяпман, кайфиятим тушкун. Миямда эса битта ўй айланади: «Шунча дуо қиламан, лекин ҳеч бири ижобат бўлмайди. Қанчадан-қанча Яратганни бир марта эсга олмайдиганларнинг ошиғи олчи…»

Ўй асносида бирдан яшин ургандек сапчиб тушдим. Нималар деяпман ўзи? Астағфируллоҳ! Тавба қила кетдим: «Ўзинг кечир, Аллоҳим. Нафсим устун келиб, бу ҳам бир синов эканидан ғофил қолдим. Шайтон тинмай заиф имонимга қутқу соляпти… Ожиз қалбимга Ўзинг таскин-тасалли бер».

Хаёл билан бўлиб автобус келганини ҳам сезмай қолибман. Ўрнидан силжий бошлаган автобусга қараб югурдим. Бўш ўринлардан бирига ўтириб, беихтиёр ёнимдаги икки ҳамроҳнинг суҳбатини тинглай бошладим:

«…жиғибийроним чиқиб юрган кунлар эди. На савдо бор, на кирим. Уйга ҳар куни қуруқ қўл билан қайтаман. Яна кундалик ижара тўловининг устига янгиси қўшилиб турибди. Бунақада «оборот»даги пулни ҳам бой бериш ҳеч гап эмас… Кечалари ухлолмай қолдим. Бир куни нонушта ҳам кўнгилга сиғмай, оёғимни судраб кўчага отланаётсам, онам чақирдилар:

– Дуо олиб кетмайсанми, болам?

– Э-э, ойи, ҳар куни ҳалол ризқ сўрайсиз. Мана, неча кунки, бирор нарса сота олганим йўқ…

Шу пайт айвонда китоб ўқиб ўтирган отам менга илкис қаради:

– Бу нима деганинг болам? Ҳалол ризқ сўраса, ёмонми?

– Ёмонмас, дада! Фақат ризқ келмаяпти-да, шунга…

– Демак, сотаётган молингда қусур бор ёки яна бошқа бир нарса… Нима бўлганда ҳам дуодан қолма. Ишларинг орқага кетса, буни ёмонлик аломати деб билмагин ҳам. Чунки Худойимнинг ҳеч бир иши беҳикмат эмас. Мўлжалинг амалга ошмаган бўлса, куюнма, балки Аллоҳ сени шу билан бир балодан омон сақлагандир…

Биласанми, бозорга етиб боргач, отам авлиёми, деб ўйлаб қолдим. Мен арзонгина олдим деб хурсанд бўлган моллар аслида ўғрилик экан! Уларнинг ҳаммаси бус-бутун тургани, кимдан олганлигимни айтганим боис, бу чигал ишдан осон қутулдим… Ишларим яна аввалгидек юришиб кетди. Шунда онамнинг дуоларини эсладим, савдо пулимга ҳаром маблағ аралашишидан Аллоҳ сақлаганини тушуниб етдим, Ўзига шукроналар келтирдим…»

Ўз ўрнида мен ҳам бу суҳбатни Меҳрибон Зот юборган таскин, дея қабул қилдим. Автобусдан тушганимда руҳимдаги тушкунлик тарқаган, қалбимдаги шаккок ўйлар қувилган эди. Демак, амалга ошмаган ишларимнинг қай бирида менга ҳалол бўлмаган нимадир бор…

Эртасига тонгда ўзгача хушуъ билан дуо қилдим:

– Эй Яратган Эгам! Ҳалол ризқ келтирадиган ишларимнинг амалга ошишида Ўзинг мададкор бўл!

 

Нигора Абдумухтор қизи

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: