Ҳаммаси болаликдан бошланади…

Болалигимда жуда ғалати одатим бор эди. Опам ҳалигача эслаб кулади. Ҳеч кимни ўрнимга ётқизмас, ҳаммадан қизғонар, кўрпалари сал қийшайса, ёпинчиғи ғижим бўлса, дарров тўғрилардим. Бола бўлсам ҳам, фақат ўз ўрнимда хотиржам ухлардим. Балки, шу сабаб жудаям эҳтиётлагандирман…

Вақт ўтган сари «жой» туйғуси катталашди. Аввал уйим, кейин туманим, ундан сўнг вилоятимни ҳимоя қиладиган, улар ҳақида бирор ножўя гап айтганларга муносиб жавоб қайтарадиган бўлдим.

Бугун улғайдим, озми-кўпми ҳаётда ўз ўрнимга эгаман. Қўлдан келганча шу юртга хизмат қиляпман. Энди болалигимдаги ғалати одатим ҳам анчайин «катта»! Бугун мен Ватанимни болаликда ўрнимни эҳтиёт қилгандан минг чандон кўпроқ авайлаш ҳаракатидаман. Чунки мен унинг бағрида хотиржамман. Менга ҳаловат берган, яқинларимга ошён бўлган маскан энди ҳар недан қадрли. Ёзганларим билан ундаги битта бўлсин инсонни яхшиликка чорлашга интиламан. Бу ҳам менинг назаримда Ватанга қилинаётган хизмат. Кўчасини ифлослантирмаслик, дарахту гулларига озор бермасликдек оддий кўринган ишлар ҳам юртга муҳаббатнинг бир кўриниши, наздимда. Балки, кимнингдир наздида мен айтаётган, қилаётган ишлар у қадар аҳамиятга эга эмасдир. Аммо она-Ватанимга бўлган меҳримнинг чегараси, ниҳояси йўқ. Ундан айро ҳолда бахтнинг суратини тасаввур қилолмайман.

Ўзимнинг мана шу кичиккина тажрибамга таяниб айта оламанки, болалар онгида ўз уйига, оиласи, боғча ёки мактабига нисбатан экилган меҳр уруғлари бир куни она-диёрига бўлган улкан муҳаббат дарахтига айланади.

Бугун болангиз жойини бировга бермаса, уни койиманг! Қизғанчиқликда айбламанг! Эртага, иншааллоҳ, Ватанини ҳам ўшандай асрайди. Ҳеч кимга бермайди.

Нигора Абудмухтор қизи

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: