Дока рўмол қуриди

«Эр-хотиннинг уруши – дока рўмолнинг қуриши», дейишади. Лекин у қуригунча ҳам қалбдаги меҳр деган булоқ суви камаяётгандек туюлаверади менга. Навбатдаги шундай тортишувдан кейин анчагача хафа бўлиб юрдим: кун бўйи уй ишлари, бола тарбияси билан бандман. Уйим-жойим деб куйиб-пишаман! Бу одам эса ҳеч қачон билмайди буни, қадримга етмайди! Шундай ўйлар аламида «иш ташлаш» эълон қилган бўлдим…

Аммо бир куни ўзимнинг нақадар калта ўйлаганимни тушуниб етдим. Бувимни кўргани борганимда навбатдаги унутилмас сабоқни олдим.

Кеч туша бошлаган, дала ишидан чарчаган бўлса-да, ота-онасини кўргани келиб, нафасини ростлаб улгурмай уйига шошаётган холамнинг абгор аҳволига қараб жаҳлимни яширолмадим:

– Эрта-ю кеч тиним билмай ишлайсиз, камига кун ора уйин­гизда жанжал. Яна ўша одамга иссиқ овқат қилишга шошиласиз. Кошки шунча қилганингизни билса, қадрингизга етса… Ўзингизга озгина ачинсангиз бўларди…

Камтаргина холам аста гап бошлади:

– Жанжаллашса, баъзан қаттиқ гапирса ҳам, ўша одам мени, болаларини деб кун бўйи меҳнат қилади. Чарчаб, ҳориб келганида, иши юришмаганда аламини кимдан олсин у бечора ҳам. Мен унинг аёлиман, хизматини қилиш вазифам. Бунинг учун Аллоҳнинг ажри бор-ку! Катта иш қилаётганим йўқ, Аллоҳ аёл зотидан яратиб, зиммамга юклаган вазифаларни баҳоли қудрат бажаряпман-да…

Мени ток ургандек бўлди – қанча илм олдим, қанча ҳадислар ёдладим. Аммо оддий қишлоқ мактаби ўқитувчиси бўлган рўпарамдаги аёл сингари бой маънавиятга эга бўлолмабман. Ваҳоланки, муслима аёлнинг эри олдидаги вазифаларини улардан кўра тўкисроқ биламан. Уялиб кетдим…

Шу куни уйга қайтиб кеча-кундуз бизни деб меҳнат қилаётган, камимизни бутлай деб югураётган турмуш ўртоғимдан узр сўрадим. Тунда эса гуноҳларим мағфиратини сўраб дуо қилдим: «Эй Холиқи Зулжалол! Ўзинг раҳмлилар раҳмлисисан! Ҳар недан кенг раҳматинг билан мени афв эт! Барчамизга, жумладан, мени улкан гуноҳдан қайтарган холамга даргоҳингдан энг олий даражалар ато қил! Омин!»

Нигора Мирзаева

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: