Дастурхонга ташланган бадавий Муҳим

Расули акрам (с.а.в.) бир гуруҳ саҳобалари билан меҳмондорчиликка таклиф этилдилар. Келишди, дастурхон ёзиғлиқ экан, ўтиришди. Лекин ҳали бир луқма ҳам олинмаган эди. Асҳоби киром қачон бирга овқатланишса, Пайғамбаримиздан олдин дастурхонга қўл узатишмасди. Шу пайт бир бадавий шоша-пиша келиб қолди. Худди орқасидан биров итаргандек, келасолиб овқатга ташланди. Жанобимиз дарров унинг қўлига чўзилдилар ва билагидан ушлаб тўхтатдилар. Кетидан ҳовлиқиб келган бир чўри ҳам дарров овқатга қўл узатган эди, уни ҳам тўхтатиб қолдилар. Сўнгра асҳобга ўгирилдилар:

– Аллоҳнинг исми билан бошланмаган овқатга шайтон шерик бўлади. Ҳеч шубҳа қилманглар, шайтон шу бадавий билан келди. Бу овқатдан ейишни ўзига ҳалол ҳисоблади. Бадавийнинг қўлидан тутдим. Кейин бу чўри келди, яна ўзига ҳалол қилмоқчи бўлди, энди чўрининг ҳам қўлидан тутдим. Жонимнинг эгаси Аллоҳга қасам, шайтоннинг қўли ҳам буларнинг қўллари билан бирга менинг қўлимга тушди.

Сўнгра Расулуллоҳ (с.а.в.) “бисмиллоҳ” дея овқатни бошладилар. Кўнгилларни ажиб туйғулар чулғади. Шу бадавий билан чўрининг қувалашганга ўхшаб отилиб келишлари ақлга сиғадиган иш эмасди. Буюк Пайғамбар ўтирган дастурхонга шайтоннинг бурун суқиши ҳам бекорга бўлмади-ёв. Унинг қўлини саҳобалар кўришмади, лекин кўриб тургандек ишонишар эди.

Меҳмондорчиликда ҳозир бўлганлар жаноб Расулуллоҳнинг илгарироқ: «Ҳар ким овқат ейишда Аллоҳнинг исмини зикр этсин. Агар бошлашда “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”  дейишни унутса, эсига тушган заҳоти “Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахираҳу” десин», деган ўгитларини эслашди.

Улуғ Мавло Қуръони каримда кофирларни таърифлар экан, улар “Чорва ҳайвонлари еганидек еб-ичурлар”, деган. Бундай емасликнинг илк шарти бу неъматни берганни эслаш эмасми?!

Бу воқеадан неча замон ўтса ўтсин, кейин келганлар ҳам бу дастурхон хотирасини кўнгилларида ёд этар, “басмала”сиз узанган қўли шайтоннинг қўли билан бирга бўлишини ўйлар. Аммо, қанийди менинг дастурхонимда Аллоҳнинг ҳабиби (с.а.в.) бугун меҳмон бўлсалар, деган тилак билан дастурхонга ўтирган ва камоли одоб-ла у ҳаётни яшаш орзусини руҳларига жойлаганлар учун йўл доимо очиқ. Кун келиб, Улуғ Мавло бундай қулини ҳабиби адибининг олий жаннатлардаги дастурхонларига қўноқ қилдирса, ҳеч ажабланмаслик керак. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.

“Саодат асри қиссалари”дан

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: