Чин мўминлик

Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаларидан: “Биласизларми, чин мўмин қайси дарахтга ўхшайди?” – деб сўрадилар. Саҳобалар турли дарахтлар номини айтдилар, аммо тўғри жавобни топа олмадилар. Шунда Расули акрам (с.а.в.)нинг ўзлари: “Чин мўмин хурмо дарахтига ўхшайди”, деб марҳамат қилдилар.

Жанобимиз (с.а.в.) бу билан хурмо дарахтининг ҳеч бир мавсумда баргларини тўкмаслигини назарда тутдилар. Асл моҳият чин мўминнинг сифатини келтириш эди. Яъни, бундай банда ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳнинг тақдирига рози бўлади. Шодликни ҳам қайғуни ҳам бирдек – илоҳий марҳамат сифатида шукр ва сабр билан қарши олади.

Умр шундай – кеча ўтди, ортга қайтмайди, топиладиганлар топилди, йўқотиладиганлар йўқ. Ортиқ ҳасрат ва надомат фойдасиз. Эртанинг бор ё йўқлигига ҳам ҳеч ким кафолат беролмайди. Бор бўлса имкон, йўқ бўлса абадий макон… Бугун эса айни вақт, имкон бор, нимадир қилиб қолиш мумкин. Ўтиб бораётган соатни тўхтатиб бўлмаса-да, ундан яхшилик йўлида фойдаланиб қолса бўлади. Кечада бой берилган фурсатни бугун дуо ва истиғфор билан тўлдириш мумкин. Шундай экан, энг муҳими БУГУН!

Соғмиз, шодмиз, тўкинмиз. Бу неъматларнинг шукронасини қилишга, улардан яхшилик йўлида фойдаланишга фақат бугун, ҳозир имкон бор. Хастамизми, қайғу келганми бошимизга, муҳтожмизми, бу ҳам бир неъмат. Бандалигимизни, ожизлигимизни ҳис қилишимиз ҳам гуноҳларимизга каффорат бўлишидан умид этиб, сабр қиламиз. Бугунги яхши амалларимиздан қоладиган сармоя – бизга абадий йўлдош!

Қиш бошида бир танишим ҳасрат қилиб қолди: “Бу йил қор ёғмасмиш, шу сабаб деҳқончилик яхши бўлмайди, даромадга путур етади, кейин қимматчилик бўлади…” Ё Аллоҳ! Ундан кўра: “Эртага мавжудманми?” – десанг-чи…

Яна бир киши машинали бўлди-ю ҳалитдан хавотир қилмоқда: “Энди хатар ҳам мен билан бирга, автоҳалокат дегандек…” Ҳайратдаман – шундоқ ҳам хатар билан ёнма-ёнмиз-ку!

Бошқа кимса ўтмишида содир бўлмаган иш учун бировни айблайди: “Агар ҳаракат қилганида ҳаммаси бошқача бўлармиди… Қўлидан келмас экан, чираниб нима қиларди”.

Айбловни қаранг. Ўша айбланаётган кимса ҳам ожиз банда-ку. Бандалар хоҳлагани билан Аллоҳ истамаса қайси ишга изн бор? Бу ҳақда кам ўйлаймиз, баъзан ўйламаймиз ҳам. Бошимизга келган ишлар Аллоҳнинг иродаси эканини англасак эди, таскин топган, барча нарсадан ҳикмат излашга ўрганган, боримиз ё йўғимиз гумон бўлган эрта келгунча, бугунни шукроналик билан ўтказган бўлардик. Чин мўминлик лаззатини шунда тотармидик, балки…

Зебуннисо

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: