Биз синдирган кўнгиллар… Муҳим

Кайфиятимдаги эзгинликдан қутулиш мақсадида телефон гўшагини кўтариб, керакли рақамларни тердим: 737 .. .. Ҳар гал гўшакдан тетик, одамнинг кўнглига таскин берувчи овоз янграрди. Аммо бу сафар ундай бўлмади, дугонамнинг овози жуда тушкун эди. Саломлашишни ҳам унутиб уни саволга тутдим:

– Тинчликми?

– Ҳа…

– Овозингиз жуда ғалати-я, йиғладингизми?

– Йўғ-э…

Суҳбат асносида шу нарса маълум бўлдики, ўзининг бошида қандай иш бўлмасин, доимо менга, атрофидаги дўстлари дардига малҳам бўладиган дугонамнинг ўзи бир таскинга муҳтож. Қийин-қистовларимдан сўнг қимтинибгина “тиш ёрди”:

– Биласиз, ҳозир бошимизда катта синовлар бор. Қийин аҳволдаман. Лекин шунда ҳам бировдан бирор нарса таъма қилаётганим, бир нима кутаётганим йўқ. Фақат бир оғиз ширин сўз, бир оз эътибор, тасалли тусаркан-да, кўнгил. Атрофим тўла дўстлар эди. Энди ёнимда бирортаси йўқ. Қўнғироқ қилсам, иложи борича гаплашмасликка ҳаракат қилишади, гўшакни тезроқ қўйишга шошилишади. Ахир, улардан кутаётганим фақат далда, бир жумлагина умидли сўз холос-ку…

Дугонам билан анчагача гаплашдик, юрагидаги ғашлик тарқалгандек бўлди. Аммо энди менинг кўнглимда турли саволлар ғужғон ура бошлади. Қизиқ, дугонамнинг деярли барча дўстларини танийман – динимиз аҳкомларидан бохабар инсонлар. Аёнки, бошига кулфат тушган, бемор, ёрдамга муҳтож бўлганида хабар олиш мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи эканини ҳам жуда яхши билишади. Аллоҳ ва Расули (с.а.в)нинг ризолиги кўнгилларни обод этиш билан эканлигини бот-бот такрорлашади. Била туриб шусиз ҳам вайрон кўнгилни эзғилаш равоми? Майли, дўстликни қўя турайлик, бундай иш мусулмончиликка тўғри келадими?!

Бу саволларнинг жавобини яхши биламиз, аммо амалига келганда… Лекин бизда ҳали ҳам имконият бор – атрофимиздаги қийин аҳволдаги инсонларга лоқайд, мунофиқона муносабатдан сақланишимиз мумкин. Яъни, бир-биримизни қийин аҳволда қолдирмай, ҳолимиздан хабардор бўлиб турсак… Дилларни обод этиш, кўнгилларни ишғол қилиш мусулмонлик, инсонлик бурчимиз эканлиги ҳақида ўйласак… Аллоҳ таолонинг, Жанобимиз (с.а.в.)нинг розиликларига эришиш эса бу ҳақда сўзлашдан кўра, амал қилиш билан эканлигини чуқур тафаккур қила билсак…

Нигора Мирзаева

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: