“Бир умр шукр қилиб яшадим”

– Отахон, мана, тўқсон олти ёшга кирибсиз, сизнингча, узоқ яшаш сири нимада?

– Нима дейди?

– Узоқ яшашнинг сири нимада, деб сўраяптилар.

– Ҳа-а… сирини билмайман. Парвардигор мани йўқ жойдан бунёд этди: қўл берди, оёқ берди, кўз берди, қулоқ берди, ризқу рўз берди, покдомон хотин насиб этди, ақли комил фарзандлар берди. Бир умр шукр қилиб яшадим. Узоқ умр берди, унинг сирини ҳам ўзи билади-да, мухбир бачам. Энг олий сирдон Яратганнинг ўзи.

 

***

Тўқсон олтига кирдим. Кўзим хира, қулоғим эшитмайди, оёқларимда дармон йўқ. Билмадим, бир куни қарисам, нима бўларканман?

 

***

Темирчи бўлиб пичоқ ясамадим, қурол ясамадим. Ўроғу кашкорд ясадим– одамлар буғдой ўрсин деб. Кетмону бел пешладим – деҳқонлар ариқ қазиб, сув тарасин деб. Кў-ўп капгир ясадим. Яна-чи, асов отларни тақаладим – жониворларнинг туёққиналари оғримасин, деб.

 

***

Эсингда бўлсин, кўпам “Эй Худо”, “Эй Аллоҳ” дейишга одатланма. “Эй”да иддао бор. Парвардигорга илтижо қилмоқчи бўлсанг “Ё Худо!”, “Ё Аллоҳ!” дегин. Шуниси тузукроқ…

 

***

Бир бола йиғлаб турган эди, бориб юпатмоқчи бўлдим:

– Ҳа, нима бўлди?

– Онам урди!

– Тўхта, қаёққа кетаяпсан?

– Онамга! – деди бола.

Кўрдингларми, урсаям, сўксаям, бу дунёда ҳар кимнинг онаси бўлсин экан.

 

Неъмат АминовнингБир аср ҳикоятикитобидан

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: