Берсанг – ўзингга, йиғсанг – ўзгага

Басра шаҳрида бир хасис киши бор эди. У нодонлик билан олтин-кумуш йиғишга муккасидан кетганди. Ҳотам Тай саховат ва карам кўрсатишда қанча ном қозонган бўлса, у динор ва дирҳам йиғишда ундан машҳурроқ эди. Ушбу хасис ва пасткаш киши кўп машаққат чекиб, битта-битталаб олтин йиғар эди. У катта бир хазина тўплагач, уларни ерга кўмди. Бу очкўз яна шунга тенг келадиган бойликни тўнига гир айлантириб тикиб олган эди. Яширган беҳисоб олтинлари ўша шум ҳирсли кишининг кўзига ҳатто кундуз кунлари ҳам осмондан ярақлаган юлдузлар каби кўринар эди. У ўзича, танимга қувват, танимга қувватгина эмас, балки жонимга сиҳат ҳам ана шу олтинларим туфайли деб ўйларди.

Иттифоқо, бир куни у савдо-сотиқ қилиш учун дарё соҳилига келди. У ерда савдо қилган молидан тушган ҳаром пулларга таом олиб еди. Шундан сўнг, қўлини ювмоқчи бўлиб дарё лабига энгашди. Аммо тўнига тиккан олтинлари оғирлик қилиб, уни сувга тортиб кетди. Хасис киши ана шу ёмон феъли туфайли дарёга чўка бошлади. У сувдан чиқмоқчи бўлиб, изтироб билан чунон талпинар, биров келиб қутқарар деган умидда бақириб-чақирар эди. Лекин одамлар ёрдамга етиб келгунга қадар у дарё тубига чўкиб бўлди. Чунки унинг олтиндан бўлган лангари беҳад оғир эдики, шу сабабли сув тубида садаф ичидаги гавҳардек мангу тик туриб қолди.

Унинг жонига офат етказган нарса, албатта, ўзи йиққан сийму зар эди. Шунингдек, унинг яшириб қўйган хазинаси ҳам талон-тарож бўлди. Олтин-кумуш йиғиш оқибатда мана шундай мудҳиш воқеа билан тугади.

Сен бундай жирканч ишлардан қўлингни торт! Уларга зинҳор майл кўрсатма, чунки бу фано денгизи – дунё доимо даҳшатли тўлқин ичидадир.

 

Алишер Навоийнинг «Лисонут-тайр» асаридан

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: