Байрам совғаси Муҳим

Бир доллар-у саксон беш цент… Бори шу! Пулни қайтадан яхшилаб санади. Йўқ, янглишмабди. Делла шундоғам кундалик чиқимларга кўп пул харжламаётган эди. У энг арзон гўшт ва сабзавотларни қидириб дўконларни соатлаб айланарди. Лекин шунча тежаса ҳам…

Йиққан пулларига эртанги байрамга эри учун совға олиш нияти бор эди. Энди нима қилади? Аёл торгина хонада ўтириб, йиғлаб юборди…

Делла эри билан Нью Йоркдаги фақирона квартирада яшарди. Эрининг исми – Жеймс Диллингем Янг (дўстлари тилида Жим). Жеймс бахтли эди, чунки камтар бўлса-да, иши бор, оиласи бор. Замон нотинч, Делланинг ишлаши хатарли эди. У кун бўйи уйда ўтирар, эри эшикдан кириб келиши билан бўйнига осилиб оларди. Жим учун ҳаммасидан ажойиби ҳам шу эди.

Делла Жимга байрам совғаси сотиб олмоқчийди. Унинг Жимга бўлган муҳаббатини намойиш қилувчи нимадир… Аёл тошойна олдига югуриб борди ва қалин, узун сочларига тикилиб қолди. Сўнг эски жигарранг шляпаси ва пальтосини кийиб, кўчага отилди. Эшигига “Мэдам Элуз-Ҳейр” деб ёзилган жойга келгач, тўхтади. Ичкарида ўтирган семиз аёлдан: “Соч сотиб оласизми?” – деб сўради. Аёл Делланинг сочларини йигирма долларга баҳолади. Делла қичқириб юборди:

– Бўлақолинг! Кесинг! Менга пул керак!!!

Кейинги икки соат жуда тез ўтди. Аёл бахтга тўлганча севиклисига муносиб ҳадя қидирарди. Дўконларни узоқ айланди, ниҳоят ажойиб совға топгандек бўлди. Эрининг қимматли бир буюми бор – Жимга отасидан, отасига Жимнинг бобосидан мерос чўнтак соати. Эри уни жудаям яхши кўрар, лекин соатнинг занжири йўқ эди. Делла 21 долларга ўша соат учун ажойиб занжир сотиб олди.

Аёл уйига қувонганча қайтиб келди. Чўнтагида бор-йўғи 87 цент қолганди. Хонасига киргач, тошойнадан калтагина сочларига қаради: “Вой Худойим! Унга нима дейман энди?!”

Соат еттида Жим уйга қайтди. Остона ҳатлади-ю хотинига тикилиб қолди. Жимнинг нигоҳлари на хурсанд, на хафалигини билиб бўлмайдиган алфозда эди. Делла у томон югурди:

– Жим, азизим, менга бундай қарама! Сенга совға олиш учун сочларимни сотиб юбордим.

– Сочларимни сотдим? – аста сўради Жим.

– Ҳа. Айтдим-ку, хавотирланма. Сочим тез ўсади. Нима мени севмайсанми энди, Жим?

Жим Деллани қучди: “Сени жонимдан ортиқ кўраман, Делла. Сочларингнинг узун ё калталиги менга барибир. Манавини очиб кўр. Кейин биласан нега ранжиганимни”.

Делла ҳаяжонланган кўйи қоғоз ўрамини очди ва хурсандлигидан қичқириб юборди. Кейин аламдан йиғлай
бошлади. Ўрамда унинг ажойиб сочлари учун қимматбаҳо
ва бежирим тўғноғичлар бор эди. Боя дўкон пештахтасида кўрганида ҳам кўнгли суст кетган тўғноғичлар мана энди қўлида. Лекин сочлари йўқ… Делла қўлида ҳадяни маҳкам сиққанича, меҳр тўла кўзларини эридан узмасди. Бир оздан кейин у Жимга олган совғасини эслаб, югуриб олиб келди: “Қара, Жим, ажойиб-а? Соатингни бер, тақиб кўрамиз!”

Жим креслога ўтириб, жилмайди: “Делла, биласанми… Мен уни сенга тўғноғич оламан деб сотиб юбордим”.

О’Ҳенридан

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: